Бугун 26 апрель, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Қирғизистоннинг иккита банки Евроиттифоқ санкциясига учради

Қирғизистоннинг иккита банки Евроиттифоқ санкциясига учради

Европа Иттифоқи Украинага босқин қилаётган Россияни жазоловчи санкцияларнинг 20-пакетини тасдиқлади. Рўйхатда бу сафар Марказий Осиёдаги банкларни ҳам учратиш мумкин.

Хусусан, Қирғизистондаги Capital Bank of Central Asia ва Keremet Bank санкцион рўйхатга тушди. Улар SPFS тизими орқали (SWIFT'нинг Россия яратган муқобили) Россияга молиявий хизматлар кўрсатиш билан санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам берганликда айбланди. Шунингдек, битта Озарбайжон ва Лаос банки ҳам худди шу сабаб билан чекловларга дуч келди.

20-пакетда Ўзбекистондан пахта целлюлозаси ишлаб чиқарувчи иккита компания: Фарғона кимё заводи ва Жиззахдаги Raw Materials Cellulose корхонасини учратиш мумкин. Улар Россиядаги порох заводларини хомашё билан таъминлагани кўрсатилган.

Янги санкциялар Россиянинг 20 та банкига нисбатан транзакция тақиқларини ўрнатади. Улар орасида Wildberries Bank ҳам бор. Бу эса электрон тижорат билан боғлиқ молиявий оқимлар ҳам назорат остига олинаётганини кўрсатади.

Энергетика ва саноат сектори – санкцияларнинг асосий нишонларидан бири бўлиб қолмоқда: янги пакет доирасида Россиянинг йирик нефт компаниялари ва уларнинг шуъба тузилмалари, жумладан, “Башнефт” ва “Славнефт”, шунингдек, “Лукойл” ва “Газпром” билан боғлиқ айрим аффилланган структуралар ҳам чекловлар остига олинган.

Бундан ташқари, бир нечта нефтни қайта ишлаш заводлари, логистика занжирида иштирок этувчи 46 та кема, “Роснефтефлот” каби транспорт компаниялари ҳам санкциялар рўйхатига киритилган.

Санкциялар илмий ва хизмат кўрсатиш секторини ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, Moscow Institute of Physics and Technology ҳамда Soglasie Insurance каби субъектлар ҳам қора рўйхатга тушди. Бу эса технологик ва молиявий хизматлар орқали ҳарбий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш имкониятларини чеклашга хизмат қилади.

Криптоактивлар соҳасида ҳам чоралар кучайтирилиб, A7A5 стейблкоини билан савдо қилувчи ва Россия билан алоқадор операцияларда иштирок этгани айтилаётган TengriCoin оператори ҳам санкция остида қолди.

Киритилди: Бугун 15:55. Ўқилди: 319 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!