Бугун 27 июль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Қирғизистон тақчиллик хавфи сабаб нефть, бензин ва дизель экспортини тақиқлади

Қирғизистон тақчиллик хавфи сабаб нефть, бензин ва дизель экспортини тақиқлади

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси нефть ва нефть маҳсулотларини автомобиль ҳамда темирйўл транспортида экспорт қилишни муддатсиз тақиқлади.

Тегишли ўзгартиришлар ёқилғи импорти ва экспортини тартибга солувчи ҳукумат қарорларига киритилди.

24.kg нашрининг ёзишича, аввал тақиқ маълум муддатгача амал қилган бўлса, эндиликда у ички бозор нефть маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлангунга ёки ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи)нинг ягона нефть ва нефть маҳсулотлари бозори шакллангунига қадар кучда қолади.

Тақиқ нефть, бензин, дизель ёқилғиси ва бошқа нефть маҳсулотлари экспортига татбиқ этилади.

Нафта, мазут ва печь ёқилғиси бундан мустасно бўлиб, улар Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик қайтариш шарти билан мамлакатдан ташқарида қайта ишлаш божхона тартиби доирасида олиб чиқилиши мумкин.

Чегарани кесиб ўтишда транспорт воситаларининг штат бакларидаги ёқилғига ҳам чекловлар татбиқ этилмайди.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳукумати айрим турдаги нефть ва нефть маҳсулотларини автомобиль транспортида импорт қилишга қўйилган вақтинчалик тақиқдан истисно муддатини 2027 йил 1 апрелгача узайтирди.

Вазирлар Маҳкамаси бу ўзгаришлар ички бозор барқарорлигини таъминлаш, нефть маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олиш, мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда ички эҳтиёжларни узлуксиз ёқилғи билан таъминлашга қаратилганини билдирди.

Қарор ёқилғи етказиб беришдаги муаммолар фонида қабул қилинди. Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш материалларининг асосий етказиб берувчиси бўлган Россия аввалроқ бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари экспортини вақтинча чеклаган эди.

Қирғизистон ҳукумати ёқилғи импортини субсидиялаш механизмини, нархларни давлат томонидан тартибга солиш ва импортчилар учун солиқ имтиёзларини жорий этди, шунингдек, муқобил таъминот манбаларини изламоқда.

Бундан ташқари, яқинда Қирғизистон Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга вазиятни барқарорлаштириш учун ёқилғи етказиб беришни таъминлашда кўмаклашиш илтимоси билан расман мурожаат қилди.

Шу билан бирга, республика импортни диверсификация қилиш ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Киритилди: 15:35 15.07.2026. Ўқилди: 1025 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!