Бугун 4 декабрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Қирғизистон Москванинг баёнотларидан норози

Қирғизистон Москванинг баёнотларидан норози

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг дипломатик мақоми дахлсизлигини ва РФнинг Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига содиқлигини тасдиқлаган шарҳидан мамнунлигини билдирди.

Бироқ Қирғизистон ТИВ Россия Ички ишлар вазирлиги вакили Ирина Волкнинг баёнотларини танқид қилди.

"Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Волкнинг хизмат текшируви якунланмасдан ва бўлиб ўтган ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланмасдан туриб милиция ходимларининг Қирғизистон элчихонаси дипломатининг квартирасига кирмагани, унда яшовчиларга жисмоний ва руҳий таъсир ўтказмагани тўғрисидаги ахбороти мазмуни муайян саволларни туғдиради. Шундай қилиб, мазкур хабарга суянилса, ўз хонадонининг ичида бўлган жабрланган болали аёлнинг ўзи айбдор бўлиб чиқади. Бу соғлом мантиққа зид келади. Хизмат текшируви милиция ходимларининг ўзларидаги кўкрак камераси ёзувлари ҳамда Қирғизистон элчихонаси томонидан РФ ТИВга тақдим этилган фотоматериалларни ҳисобга олган ҳолда тезкор, холис ва комплекс тарзда ўтказилишини кутиб қоламиз”, - дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.

Аввалроқ Ирина Волк профилактика босқичи доирасида милиция ходимлари турар-жой секторига ташриф буюрганини маълум қилган эди. ИИВ вакилининг сўзларига кўра, текширув вақтида Нижегородская кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи фуқаро чет эл консуллиги ходимининг рафиқаси эканлигини айтиб, полицияга ҳеч қандай ҳужжат тақдим этишдан бош тортган.

Волк, шунингдек, милиция "квартирага кирмагани ва унда яшовчиларга жисмоний ёки руҳий босим ўтказмаганини" таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ИИВ ходимлари дипломат оиласининг ушбу манзилда яшаши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган.

Волкнинг қўшимча қилишича, милициянинг хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган шикоят юзасидан ҳозирда ички текширув ўтказилмоқда.

Киритилди: 15:53 15.04.2024. Ўқилди: 13936 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!