Қарши шаҳрида 24 ёшли Э.М. (қиз) ўзи билан 5 йилдан буён таниш ва орада ўзаро ишқий муносабатлари бўлган Ф.Н. исмли йигитни ўзига уйланолмаслини айтгани учун пичоқлаб қўйди.
ЖИБ Қарши шаҳар судида кўрилган мазкур жиноий иш материалларида айтилишича, воқеа содир бўлган куни йигит қизни ишдан чиқишини пойлаб турган ва уйига олиб бориш ниятида автомашинасига миндирган. Овлоқ жойга бориб унинг розилиги билан яна ишқий муносабатда бўлган ва қизнинг маҳалласига келгач, унга ота-онаси бошқа қиз топгани, шу сабаб унга уйланолмаслигини айтган.
Бундан жаҳли чиққан қиз йигит билан жанжаллашиб қолган ва автомобилнинг олд ўриндиғида турган ошхона пичоғи билан йигитнинг орқа елка соҳасига бир неча марта пичоқ санчиб, уни жароҳатлаган. Йигит машинадан тушиб қочган ва маълум масофага югуриб бориб одамларни ёрдамга чақирган ва ҳушини йўқотган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасида, Ф.Н. нинг танасида жароҳатлар – ўнг ўмров усти соҳаси, ўнг елка тана орқа юзаси, ўнг курак усти, кўкрак қафаси, бўйин орқа юзаси, 1-2 кўкрак умуртқалари усти соҳаларидаги санчиб кесилган яралари ва шу соҳадаги мушаклар жароҳати, ташқи қон кетиши, геморагик шок оғир даражаси, агонал ҳолат кўринишидаги тан жароҳатлари аниқланган ва ушбу тан жароҳатлари шу соҳаларга ўткир тиғли санчиб кесувчи жисмларнинг таъсирида юзага келганлиги, мавжуд тана жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст гуруҳига киритилиши кўрсатилган.
Суд Э.М.ни ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари билан ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «л» бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган деб топди.
Судланувчи судда айбига иқрорлик билдирган. Жабранувчи Ф.Н. эса айбдорга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо чорасини қўллашни сўраган.
Суд юқоридагиларни инобатга олиб, 24 ёшли Э.М.ни ЖКнинг юқоридаги моддалари ҳамда 57-моддасини қўллаб 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.