Бугун 4 май, 2026 йил, душанба

O'ZB

Президент Самарқандда қатор учрашувлар ўтказди

Президент Самарқандда қатор учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида ОТБ раҳбари мамлакатимиз етакчисига банк Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилишини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликни юксак даражага кўтаришга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Ўтган 30 йилда ОТБ Ўзбекистоннинг ҳақиқий стратегик шеригига айланди.

Лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланди.

Темир ва автомобил йўллари, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, сув таъминоти ва канализация тармоқларини янгилаш, қишлоқ хўжалиги ва хусусий секторни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилди ва давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти ва банк раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан шериклик бўйича 2030 йилга қадар бўлган даврга мўлжалланган янги дастурга киритилган умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ипотека бозори, хусусий сектор, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни илгари суриш, рақамли инновацияларни жорий этиш ва махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, банкнинг маблағларни сафарбар этишдаги етакчилигини кучайтириш орқали илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти ОТБ раҳбарияти ва жамоасига Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ва самарали ўтишини тилади.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган шериклик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхол бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея Алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Президентига Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Етакчиларнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Чуқур тарихий дўстлик ришталари, ўхшаш менталитет, анъаналар ва қадриятларга асосланган икки томонлама алоқалар изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсиб бормоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошди. Мамлакатимизда қарийб 1 мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Ушбу мамлакат компаниялари учун махсус саноат зонасини ташкил этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Корея Эксимбанки ва унинг жамғармалари билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик юқори баҳоланди. Улар иштирокидаги лойиҳаларнинг умумий портфели 2 миллиард доллардан ошди.

Кўп тармоқли клиника, кимё маркази ва фармацевтика парки қурилиши давом этмоқда. Бугун Тошкент Хива йўналишида биринчи “Hyundai Rotem” поезди қатнай бошлади.

Ўзбекистон Президенти устувор йўналишларда янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ва ҳудудлараро алмашинувларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этди. Давлат молиясини бошқариш тизимини рақамлаштиришда Корея томони кўмаклашишига умид билдирилди.

Жорий йил куз ойида Сеул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Корея” саммити ва бошқа олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Киритилди: 21:49 03.05.2026. Ўқилди: 295 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!