Хитойнинг ядровий арсеналида 500 дан ортиқ оператив жойлаштирилган жанговар каллаклар мавжуд ва 2030 йилга келиб уларнинг сони 1000 дан ошиши мумкин. Бу ҳақда Пентагоннинг Хитой Халқ Республикасининг ҳарбий қудрати ҳақидаги навбатдаги йиллик ҳисоботида айтилади.
Ҳарбийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2023-йил май ойи ҳолатига кўра, Хитойда 500 дан ортиқ жойлаштирилган ядро каллаклари мавжуд бўлган. 2030-йилга келиб, уларнинг сони 1000 дан ошиш эҳтимоли бор.
Ҳисобот муаллифларининг фикрича, Хитой ядро арсеналининг кенгайиш суръати Америка томонининг таҳминларидан ошиб кетган.
“Биз Хитой Халқ Республикаси ўз ядровий кучларини анча тез суръатларда модернизация қилиш, диверсификация қилиш ва кенгайтиришда давом этаётганини кўряпмиз”, деди журналистларга Пентагоннинг юқори мартабали амалдори.
Бундан ташқари, Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Пекин ўзининг денгиз кучларини ҳам кенгайтирмоқда. Ҳозирда уларда 370 дан ортиқ кема ва сув ости кемалари мавжуд. 2022-йилда уларнинг сони 340 тани ташкил этган эди.
Пентагоннинг ўтган йилги ҳисоботида айтилишича, Хитой 2035-йилгача 1500 га яқин ядро каллакларини жойлаштириши ва қуролли кучларини модернизация қилиш жараёнини якунлаши мумкин.