Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Пайғамбарникига ўхшаган икки рўзғор ёхуд «Буханка»нинг нархини аниқ биламан!»

Пайғамбарникига ўхшаган икки рўзғор ёхуд «Буханка»нинг нархини аниқ биламан!»

Бир замонлар уйим анбиёларнинг уйига ўхшар эди. Алҳамдулиллаҳ! Эртанинг ғамини Эгасига топшириб, кунлик нонни кунда зўрға топиб келардим. Фикри-зикрим китоб ўқиш билан банд эди. Ичу ташдан ваҳшат сиқиб, умидлар нозик қилга илиниб турган бир пайт – Хандақ ғазоти кунида Оламлар сарвари Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дўстларини руҳлантириб, Руму Форснинг фатҳидан башорат берганларидек, мен ҳам уйдагиларни сабрга чақириб, ҳали фаровон даврларимиз, тўкин-сочин кунларимиз келишини айтиб, ўзимча хушхабарлар берардим...

Бир куни ишдан қайтяпман, чўнтагимда бор-йўғи 45 сўм пул бор. Метродан чиқиб, автобусга ўтиришим билан ишдан кечроқ чиққаним учун нон ташвиши ичимга ғулғула солиб бошлади. Чунки биринчи нав нон – 45, олий нав – 50 сўм. Ҳамма ўзини биринчи навли нонга уради – ҳам арзон, ҳам баракали. Оқ нон эса, қиммат, қолаверса, болалар дарров еб қўяди – баракасиз. Шунинг учун халқ қора буханка тугаганидан кейингина оқ нонни мажбур олади. Қора нон тугамагунича биров оқ нонга қарамайди. Менинг эса, 45 сўмгина пулим бор. Дўконда қора нон тугаб қолган бўлса, ўша куни нонсиз қолишимиз аниқ. Чунки оқ нонга пулим етмайди (у пайтлар “нонхўр”ларим ҳали иккита эди). Ичимда шу хаёллар билан Яратганга ёлвориб келяпман: “Аллоҳим, мени нонсиз қолдирма! Агар қора нон тугаб қолган бўлса, болаларим оч қолади... Аллоҳим, бизни нонсиз қолдирма!” дейман...

Пайғамбарим (алайҳиссолату вассалом) оёқ кийимларининг арзимасгина боғичи узилса ҳам, Аллоҳдан сўраганларидек, мен-да биттагина буханка учун чорак соатдан ортиқроқ Раббимга ёлвордим. Ёлворавердим, ёлворавердим (чунки ўша пайтда мен учун биттагина буханка жуда катта нарса эди). Токи, олдин ҳеч қачон савдо қилинмаган бир бекатда арзон-қора нон сотаётганларига тўсатдан кўзим тушиб, шўпирдан ярим дақиқагина тўхтаб туришини илтимос қилиб, сўнг сакраб тушиб, нонни олиб, кўнглим жой бўлгачгина ёлворишдан тўхтаганман... Ростакамига байрам бўлган уйда мен учун.

Қаҳатчиликни кўрмасак ҳам, қимматчиликни кўрган авлодмиз...

Ҳозир ҳам ора-сира буханка олдириб, ўша кунларни болаларимга эслатиб тураман...

 

Абдуғофур Искандар

***

2003-2004 йилларда “буханка”нинг нархи 110 сўм эди, аниқ биламан. Чунки бир сафар юз сўмгина пулимиз қолган, сотувчи аёл киши бўлгани учун болаларимнинг онаси дўконга чиқди, “эртага берамиз ўн сўмини”, деб илтимос қилса ҳам нон бермабди. Уйга кирдию йиғлаб юборди. Уни овутдим, аммо ифторликка оз қолган, уйда эса ҳеч вақо йўқ эди. “Бўлка” нонни қайнаган сувга ботириб оғиз очмоқчи эдик. Шу пайт чўккалаб ўтирдиму Раззоқдан ризқ сўраб, дуо қилдим. Озгина, ҳа ҳа, озгина вақт ўтди, эшик тақиллади. Чиқсам, бегона одам. Қўлида тугун. Бир устозимиз шу маҳаллага ифторликка келган эканлар. Мениям чақиришга хижолат қилиб, шу тугуни бердириб юборибдилар...

Ўша ўша нима керак бўлса, ўзига дуо қиламан, алҳамдулиллаҳ, муродим ҳосил бўляпти.

Дарвоқе, ўшанда ижарада ўтирардим. Ҳозир уч хона дом, иккита ҳовлим бор, алҳамдулиллаҳ. Машина ҳам олдим. Катта фарзандим университет талабаси...

Дуода иш катта экан, ўртоқлар...

Manba: azon. uz

Киритилди: 22:50 13.11.2019. Ўқилди: 2410 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!