Бугун 8 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

“Обод марказ” дастури кўҳна Косонсойни замонавий шаҳарга айлантирди

“Обод марказ” дастури кўҳна Косонсойни замонавий шаҳарга айлантирди

2200 йиллик тарихга эга Косонсой шаҳри асрлар аро бир неча бор ренессанс даврини бошдан кечирган бўлса, бугунги “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида у ободликнинг юқори чўққисига кўтарилди.

Ушбу дастур ижроси доирасида бу ерда 31 та объектда янги қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларига 89,78 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бунёдкорлик тадбирлари натижаси шаҳар ҳаётининг барча жабҳаларида кўзга ташланади. Масалан, туман марказида 4.4 километр узунликдаги янги тармоқ тортилиши билан 4200 та хонадонда яшовчи 19,6 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлади.

--Автомобиль йўлларининг сифатсизлиги кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган жиддий муаммолардан бирига айланганди, -дейди меҳнат фахрийси Одилхон Қориев. – Айни масала ҳам “Обод марказ”дастури шарофати билан ечим топди. 3,4 млрд. сўм маблағ сарфланиб мукаммал таъмирдан чиқарилган 19 километрга яқин автомобиль йўллари равонлаштирилганидан ҳайдовчиларупиёдаларнинг дили яйрайди. Айниқса, пиёдалар йўлаги ташкил этилиб, кўча бўйларига тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилганини айтмайсизми. Тунлари чароғон, ҳаракатланишга хавфсиз бундай йўллардан юрган киши борки, кўнглида розилик туйғуси жўш уради.

Мукаммал таъмирдан чиқарилиб, сайқал берилган. Миллий маданият маркази, тумандаги 5 та касб-ҳунар коллеж маъмурий бинолари, 2 та касб-ҳунар коллежининг спорт зали,Давлат солиқ инспекцияси, прокуратура бинолари ва бошқа кўплаб ижтимоий иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшгани бир қарашдаёқ кўзга ташланади.

Косонсой сойи ёзнинг ҳароратли кунларида туман маркази иқлимини мўътадиллаштириб, танга ором берадиган “кумуш камар” ҳисобланади.Унинг соҳили бўйлаб 1,5 километр узунликда барпо этилган Яшил хиёбон ва велосипед йўлакчаси ўзига хослиги билан бу ерга Европа шаҳри кўринишини берди. Вилоятнинг энг сўлим оромгоҳларидан бири бўлган Косонсой истироҳат боғи эса 2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қайта реконструкция қилинганидан сўнг янада жозибадор гўшага айланди.

Она Ватан ҳимояси учун азиз жонини фидо қилган юртдошларнинг пок номини абадийлаштириш хайрли иш. Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган икки мингдан зиёд мард косонсойликларга эҳтиром рамзи сифатида барпо этилган Хотира майдони, ундаги Мотамсаро она ҳайкали чинакам зиёратгоҳига айланганидан айниқса, ёшлар хурсанд.

Таъкидлаш керакки,Косонсойни чинакам обод марказига айлантириш йўлидаги эзгу ишларда бутун туман аҳли, хусусан, ташаббускор ва фидойи тадбиркорларнинг ҳисса катта бўлди. Буни, жумладан, шаҳарда янгидан барпо этилган кўплаб савдо ва маиший хизмат шохобчаларининг бетакрор қиёфасида кўриш мумкин. Узоқ йиллардан бери таъмирини кутиб ётган 6 та кўп қаватли тураржой бинолари бугун янги уйлар кўринишини олган. Уларнинг коммуникация тизимлари бутунлай қайта кўриб чиқилганидан хонадон соҳиблари жуда – жуда хурсанд.

Бир сўз билан айтганда,Косонсойда рўёбга чиқарилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик юмушлари 2019 йилнинг натижадор тадбирларидан бўлган “Обод марказ”дастури шарофатини кўз-кўз қилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Янгиланган шаҳарнинг куни кеча ўтказилган тантанали тақдимоти қатнашчиларининг дил сўзларида ҳам ана шундай фикрлар бот-бот тилга олинди.

Manba: xs. uz

Киритилди: 21:31 13.11.2019. Ўқилди: 1416 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!