Бугун 24 март, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Навоийда наркокурьер «занжири» фош этилди

Навоийда наркокурьер «занжири» фош этилди

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати гуруҳи раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, наркокурьерлар бот «хизмати» орқали бир-бирини топишган. Ва бот хизмати улар учун заҳарли тармоқ вазифасини ўтаган.

Таъкидланишича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари давомида оддий «телеграм бот» ниқоби остида ишлаётган, аслида эса ёшларни заҳарли гирдобга тортаётган наркокурьерлар тармоғи фош этилган. Тезкор тадбир давомида 26 ёшли, муқаддам судланмаган фуқаро Ш.Т. 1,80 грамм гашишни 600 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Бир қарашда «майда савдо»дек кўринган ҳолат ортидан катта ва хавфли жиноий гуруҳ фаолияти очилган.

Маълум бўлишича, Ш.Т. гиёҳвандлик моддаларини бошқа бир икки нафар навоийлик бўлган 25 ёшли Р.Ж. ҳамда 26 ёшли Э.Д.лардан олган. Уларнинг ёнидан 8 та ампулада гашиш мойи ва 6 граммга яқин гашиш моддаси аниқланган.

Бу шахслар мижозлар билан юзма-юз учрашишмаган. Барча жараён «телеграм бот» орқали бошқарилган: буюртма, тўлов, етказиб бериш каби хизматларнинг ҳаммаси рақамли тарзда. Улар, гўёки, «таъминотчи» сифатида фаолият юритиб, аслида, гиёҳвандлик моддаларини яширин локацияларга жойлаштириб боришган. Яъни, мижозлар бир-бири билан кўришмаган ҳолатда «маҳсулот»ни дарахт ости ёхуд турли хиёбонлардаги хилват жойларга кўмиб, суратга тушириб, расм ва локацияни «ҳамкорлар»га жўнатиб қўйиш орқали тарқатишган.

Янада хавфлиси, гуруҳ аъзоларидан бири Ф.Т. махсус бот орқали «онлайн ўқув курслари»ни ҳам ўтаб, гиёҳванд моддаларини қайта ишлашни ҳам ўрганган ва ўз уйида нарколаборатория ташкил қилган. Тадбир давомида Ф.Т.нинг хонадонидан 1 кг 477 грамм гашиш моддалари, 34 дона қадоқланган маҳсулот, шунингдек, воситаларни тайёрлаш ва қадоқлаш ускуналари ҳам топилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу гуруҳ 1000 дан ортиқ локацияга гиёҳвандлик моддаларини жойлаштирган. Улар яна 2,5 кг гашишни тарқатишни режалаштирган бўлиб, унинг «бозор қиймати» 1 миллиард 220 миллион сўмга тенг эканини ҳам айтишган.

«Ҳолат ўртага жиддий саволларни қўяди. Ёшлар осон даромад топиш илинжига тушиб қолишган. Бунинг учун даромаднинг қайси йўл билан келиши уларни, деярли, қизиқтирмай қўйган. Энг қизиғи, замонавий рақамли платформалар орқали наркосистемани бошқаришмоқда. Ушбу жиноят ортида «технология» эмас, инсон фожеаси, бир неча грамм модда ортидан юзлаб ёшларнинг издан чиқиб кетиши мумкин бўлган ҳаёти ётгани ачинарли. Ёшларимиз «Бот хизмати» деб аталган турли тизимлар ортида, аслида, заҳар тарқатишнинг янги, ниқобланган шакли ётганини унутмасликлари керак»,-дейди Фаёзжон Қосимов.

Киритилди: Бугун 20:54. Ўқилди: 224 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!