Мамлакат Миллий қуролли кучларининг хабар беришича, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудини назорат қилиш миссиясида иштирок этаётган алянс иттифоқчиларининг Франция қирувчи самолётлари 8 июнь куни эрталаб Латвия узра дронни уриб туширди.
Дрон Наутрени округида, Резекне ва Карсава ўртасидаги ҳудудда уриб туширилган, деб тасдиқламоқда маҳаллий ҳокимият вакиллари LSM телеканалига.
Дроннинг кимга тегишли экани кўрсатилмаган, бироқ қирувчи самолётлар Россия томонидан радиоэлектрон кураш воситалари қўлланилиши натижасида Латвияга учиб кирган хорижий дронни уриб туширган, деб ёзади Delfi нашри.
Дронлар Россия ҳудудидан Латвия ва бошқа Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудига тобора тез-тез учиб кирмоқда.
Аввалроқ Резекнедаги нефт омбори яқинига иккита дрон қулаган эди, шундан сўнг Латвияда ҳукуматнинг истеъфоси билан якунланган сиёсий инқироз юз берди.