Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Наманганда ҳамшира ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатилди, ойлиги ҳам берилмаган

Наманганда ҳамшира ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатилди, ойлиги ҳам берилмаган

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Наманган вилояти, Норин туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Н.нинг йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, М.Н. 2020 йил 15 июнь кунидан буён Норин тиббиёт бирлашмасининг йўлланмасига буйруғига кўра 17-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамшираси вазифасида ишлаб келган. Лекин, ҳеч қандай асоссиз поликлиника бош шифокори томонидан вазифасидан озод этилган ва 2020 йилнинг июнь-сентябрь ойларидаги меҳнати учун иш ҳақи тўлаб берилмаган.

Мурожаатчининг ёзишича, унга М.Н.нинг ишга қабул қилиниши ҳақидаги буйруқ сохта эканлиги сабабли Норин тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари томонидан бошқа муносиб ишга ўтказиш ваъда қилинган лекин бажарилмаган.

Ушбу мурожаат назоратга олиниб, атрофлича ва холисона кўриб чиқиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилганда, Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан юзаки ўрганиб чиқилиб, ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшагани ва ҳозирда бўш иш ўрни йўқлиги маълум қилиниб, бир ёқлама жавоб қайтарилган. Ходимни ишдан бўшатишда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари эътибордан четда қолган.

Фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмагач, Омбудсман Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритди. Натижада мурожаатни кўриб чиқишда ижро интизомини қўпол равишда бузганлиги сабабли Норин тумани тиббиёт бирлашмасининг кадрлар бўлими бошлиғи ва бош иқтисодчисига “ҳайфсан” берилган.

Мурожаатчи М.Н. эса 17 сонли оилавий поликлиникага ярим ставкага патронаж ҳамшираси сифатида ишга олинган. Тўланмай қолган иш ҳақлари ҳам ундириб берилган.

Маълумот учун: “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.

Шунингдек, давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради деб белгиланган.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Киритилди: 17:41 10.01.2022. Ўқилди: 3534 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!