Бу ҳақда пайшанба куни мамлакат давлат телеканали хабар берди.
80 ёшли Аун Сан Су Чжи 2021 йилги давлат тўнтариши натижасида ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилганидан бери ҳибсда ушлаб турилган эди. У собиқ мухолифат етакчиси, Нобел тинчлик мукофоти совриндори ва 2016 йилдан то охирги тўнтаришгача Мьянма ҳукуматининг амалдаги раҳбари бўлган.
2022 йил декабрида ҳарбий суд уни яна етти йилга озодликдан маҳрум қилган ва умумий қамоқ муддати 33 йилга етган эди. Кейинчалик бу муддат 27 йилгача қисқартирилган. У пойтахт Нейпьидодаги ҳарбий қамоқхонада сақланаётган эди.
Тўнтаришга бошчилик қилган ҳарбий раҳбар Мин Аун Хлаингнинг баёнотида айтилишича, сиёсатчининг қолган жазо муддати енгиллаштирилган ва у энди жазони белгиланган яшаш жойида ўтайди.
Аун Сан Су Чжи 2015 йилда демократик ислоҳотлардан сўнг ҳокимиятга келган эди. Унгача эса ўнлаб йиллар давомида демократия фаоли сифатида курашган ва 15 йилдан ортиқ вақтини уй қамоғида ўтказган.