Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Музлаткич машмашаси: Навоийда қайнона-келин бир-бирини савалади

Музлаткич машмашаси: Навоийда қайнона-келин бир-бирини савалади

Қайнона-келин можароси афсуски, янгилик эмас. Бу муаммо аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, кейин ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Хўш, улар нега бир-бири билан тил топиша олмайди? Нега жанжаллашади? Афсуски, орамизда бир-бирига қўл кўтарадиган қайнона-келинлар ҳам бор...

 

Музлатгич машмашаси

Қайнона-келин аввалдан келиша олмасмиди ёки бу биринчисими, бизга қоронғу. Билганимиз, ҳаммаси келинга совға қилинган музлатгич машмашасидан бошланган.

Ўша куни кичик келини Ҳуснора (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилди)нинг уйига борган Дилором ая ҳовлига кириши ҳамон ташрифининг мақсадини маълум қилади: «Сизга берилган музлатгични олиб чиқинг, меники бузилиб қолди». Ҳуснорага қайнонасининг таклифи ёқмайди. Жангга тайёр аскардек дарров ҳимояга ўтган келин, юзинг-кўзинг демай, қайнонаси билан гап талашади. Аммо Дилором ая ҳам анойилардан эмасди. Келиннинг овозини ўчириб қўйиш мақсадида унинг опаси Холидага қўнғироқ қилиб, чақиртиради.

Холида етиб келганда, қайнона-келин бошқа-бошқа хоналарда ўзларича режа тузишарди.

— Холидахон, синглингиз менга гап қайтарди. Бундай жанжаллардан, очиғи, тўйиб кетдим. Ўғлим Нозимжон Россиядан қайтиб келгунича, у ота-онангизникида яшаб тура қолсин.

— Вой, нега ундай дейсиз, қуда хола, ахир...

— Ҳеч қандай ахир-пахири йўқ! Олиб кетинг!

Қайнонасининг гапидан Ҳусноранинг қони қайнади. «Мен кетаманми?! Мен-а?» келин оғзига келган гап билан қайнонани масхаралар, икки ўртада қолган опа эса қай бирига ён босишни билмай ҳайрон турарди.

Келинга бўш келишни истамаган Дилором ая у билан теппа-тенг олиша бошлади. Опасининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай Ҳуснора ҳам овозини баландлатди. Шу пайт ғазаби қайнаган Дилором ая хонтахта устида турган елим кружкани кутилмаганда келинга қарата отди.

Қани эди шу билан можарога нуқта қўйилса? Қайнонасининг кутилмаган «хужуми»дан ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга тушиб қолган Ҳуснора Дилором аяга ташланиб, унинг сочидан тортди, қўл-оёқларидан тишлаб, бор овозда бақира бошлади. Холида ва Дилором аянинг турмуш ўртоғи Шокир ака бўлмаганидами, бу икки аёл бир-бирини майиб қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ёдингизда бўлса, ҳаммаси биргина музлатгич воқеасидан бошланганди.

«Сенми онамни урадиган?»

Жанжалдан сўнг Дилором ая қизи Озоданинг уйига йўл олади. Онасининг юз-кўзи шилинганини кўрган қиз ундан нима бўлганини сўраганда, она Ҳуснора билан бўлиб ўтган воқеани кўзида ёш билан сўзлаб беради. Ким онасини бировга урдириб қўяр эди? Табиийки, Озоданинг жаҳли чиқиб, Ҳусноранинг тазирини бериб қўйиш учун уникига боради. Муаммо чиқишидан хавотирланиб, Дилором ая ҳам унинг ортидан етиб келади. Аммо у кириб келганида қизи билан келини бир-бирини ҳақоратлаб, юлишаётган эдилар. Катта қизининг ёрдами билан Дилором ая иккисини ажратиб олди. Бу пайтда келиннинг ота-онаси ҳам етиб келишганди.

«Ҳақоратларига чидаб туролмадим»

Судда кўрсатма берган Дилором Қодирова айбига иқрор бўлмай, аксинча, келини унга қўл кўтарганини айтган. Ҳусноранинг эса ўз хулосаси бор.

Ҳуснора Қодирова: 

— Соат тахминан 10.00 атрофида қайнонам уйга кириб келди-да, ўзининг музлатгичи бузилиб қолгани учун бизга берилганини олиб кетишини айтди. Шу масалада ўзаро тортишиб қолдик. Бир-биримизга ҳақоратли сўзлар айтдик. Соат 15.00 да қайнонам ёнига чақириб, опам Холида келгани, ташқарига чиқишимни тайинлади. Ошхонага кирганимда, қайнонам, опам ва қайнотамнинг ёнида мени ҳар хил гаплар билан ёмонлаётганди. Сўнг мени кўриб, хонтахта устида турган елим идиш (кружка)ни менга қарата отди. Кружка пешанамга тегди. Жаҳлим чиқиб, қайнонамнинг ёнига яқинлашганимда, у хонтахта устида турган чинни ликопча билан пешанамнинг юқори қисмига урди. Ўзимни тутиб туролмай, у билан баттар жанжаллашдим. Қайнонам тунука пақир қопқоғи билан елкамга урганда, опам қопқоқни қўлидан олмоқчи бўлди. Шу пайт қопқоқ қайнонамнинг қўлини шилиб юборди. Опам уйга кетишимни айтиб, мени тинчлантиришга уринди. Бу вақтда катта қайнопам ҳам келганди. У иккимизни ҳам тинчлантиришга тушди. Орадан икки соат ўтиб, бошим қаттиқ оғриётгани боис қон босимимни ўлчатиш учун қайнопамникига чиқдим. Шу пайт қаердандир қайнисинглим Озода пайдо бўлди-ю, мени ҳақорат қила бошлади. Кутилмаганда юзимга тарсаки тушириб, 3 метргача сочимда судради. Судраб кетаётганда, оёғи билан қорним ва кўкрагимга тепди. Қайнопам синглисини ажратиб олмаганида, билмадим нима бўларди. Шундан сўнг ота-онамга қўнғироқ қилиб, чақиртирдим. Улар келгач, меҳмонхонадан чиқдим-у, ҳушимни йўқотдим. Кейин нима бўлганини билмайман. Беш кун шифохонада ётиб, даволандим. 

Бировнинг ҳаётига баҳо беришдан осони йўқ, аммо ҳақиқат шуки, аксарият қайнона-келин можаролари тилни тия билмасликдан келиб чиқади. Бу вазиятда ҳам ҳар иккала аёл ўзича ҳақ, аммо ё келин ёки қайнона ақл билан иш кўрганида эди бундай дилхираликлар бўлмаган бўларди.

Ким қандай жазо олди?

Суд Дилором Қодировани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топиб, унга шу моддага асосан, 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчи фойдасига моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланди.

 

Алишер САЙДУЛЛАЕВ,

Кармана туман суди судьяси

Дилдора ЮСУФБЕКОВА,

журналист.

 

Киритилди: 16:13 25.10.2019. Ўқилди: 4126 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!