Мехикода Мексика ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан бир мухлис олган жароҳатлари туфайли вафот этди.
Дастлабки маълумотларга кўра, маст ҳолатда бўлган мухлис VIP-ложалар зонасидан, яъни иккинчи қаватдан биринчи қаватга конструкциянинг ташқи томони орқали тушмоқчи бўлган. Натижада у мувозанатни йўқотиб, пастки қаватдаги тўхташ жойига (парковка) йиқилиб тушган.
Жабрланувчига воқеа жойида зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган — у вафот этган. Содир бўлган воқеа ҳақида тегишли органлар хабардор қилинган бўлиб, ҳозирда текширув ўтказилмоқда ва ҳодисанинг барча тафсилотлари ўрганилмоқда.
0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланган учрашув белгиланган режа бўйича бўлиб ўтди.
Ушбу баҳс стадионда Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган кенг кўламли реконструкциядан сўнг илк синов тадбири эди. Мазкур арена турнирнинг бешта ўйинини, жумладан, очилиш учрашувини ҳам қабул қилади.