Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Муҳаббат Ғуломова: Менинг энг биринчи рақобатчим синглим

Муҳаббат Ғуломова: Менинг энг биринчи рақобатчим синглим

Ўзининг гўзал рақслари ва «Бир кам дунё», «Зебузар» каби фильм ҳамда сериаллардаги бетакрор роллари орқали халқимизга яхши таниш бўлган санъаткор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Муҳаббат Ғуломова (Қурбонова) журналист Миролим Исажоновнинг саволларига дангал жавоб берди, деб ёзмоқда Дарё нашри.

— Муҳаббат опа, бир пайтлар ҳамкасбингиз Паризода билан аҳил дугона эдингиз. Аммо бир неча йил аввал ораларингиздан оламушук ўтиб,  жанжаллашганларингиз ҳақида турли гаплар тарқалди. Ҳозир муносабатларингиз қандай?

— Паризода иккимиз бирга ишлаган кезларимиз рақобатчи сифатида бир-биримиздан ўзишга, нималардир ўрганишга қаттиқ уринардик. Аммо орамизга ҳеч қачон совуқчилик тушмаган. Ҳозир муносабатимиз олдингидан ҳам яхши. Тадбирларда учрашиб қолсак самимий гаплашамиз, ижодий янгиликларимизни ўртоқлашамиз. У ҳам, мен ҳам оилалимиз ва фарзандларимиз бор. Муносабатларимизга раҳна солувчи «деди-деди»ларга аҳамият бермайман. Муҳими инсон қалби покиза, ишончи мустаҳкам бўлиши кераклигини англаб етдим.

— Илк бор катта саҳнага неча ёшингизда чиққансиз?

— Карьерамдаги биринчи катта қадамни Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Юлдуз Усмонованинг яккахон концерт дастурида ташлаганман. Ўшанда 15 ёшда бўлиб, Юлдуз опанинг «Гулойим» номли уйғурча қўшиғига рақс тушганман. Мени ансамблдан ўзлари танлаб олган. Ҳаяжондан дир-дир титраб, тайёргарлик жараёнларида рақсга ҳам тушолмаганман. Шунда Юлдуз опа уришиб, танбеҳ ҳам берган ва йиғлатган. Бу албатта, менинг фойдам учун эди. Афсонавий санъаткор билан бирга ишласам, ўзимга кўп нарсалар оламан. Биз билмаган жиҳатларни ҳам ўргатишга кўмаклашади, жуда жонсарак инсон. Ҳануз улар билан бирга ишлаш бахти насиб этаётганидан беҳад мамнунман. Илоҳим ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин.

— «Зебузар» телесериалидаги ролингиздан ке­йин кино соҳасида омадингиз чопди ва юртдошларимиз сизни актриса сифатида ҳам кашф қилди. Ижроингиз тўғрисида томошабинлардан қандай фикрлар эшитгансиз?

— Наби Ҳошимовнинг «Топталган гул» ҳикояси асосида суратга олинган «Зебузар» сериалида бош ролни ижро этганимдан ҳалигача афсусланмайман. Ўша пайтларда кўча-кўйда аёллар кўриб қо­лишса, «Пешонанг бунчалик шўр бўлмаса-я?!», деб ачиниб гапиришарди. «Қайтиб бу каби ролларни ўйнаманг», деганлар ҳам бўлган. Айримларнинг «Ролингизнинг тарбиявий аҳамияти бор. Бундай образларни ҳам кимдир ўйнаши керак-ку!», деган фикрларини эшитиб, хурсанд бўлганман. Лекин ролимни ўйнашдан чўчимаганман. Тўғри, баъзи саҳналарда уялганман. Аммо актриса сифатида уни рад этишга ёки суратга олиш жараёнида ролга нисбатан инжиқлик қи­лишга ҳаққим йўқ эди, назаримда.

— Синглингиз Малика Қурбонова ҳам раққоса ва актриса сифатида элимиз меҳрини қозонган. Ўрталарингизда рақобат муҳити мавжудми?

— Ўзингиз ҳам яхши биласиз бир соҳада ишлайдиганлар рақобатчи саналади. Менинг ҳам раққоса сифатида энг биринчи рақобатчим Маликадир. Унинг рақс техникаси ўта кучли, мукаммал. У ҳам мени ўзига рақобатчи, деб ҳисоблашини кўп айтадиАммо бир-биримизга ҳеч қачон ҳасад қилмаймиз. Камчиликларимизни айтишдан тортинмаймиз. Шахсан мен танқидни тўғри қабул қиламан. «Камчилигимни бош­қалардан эшитганимдан кўра, сендан эшитай», дейман. Синглим эса салгина учини чиқаради-да, силлиқлаб кетади.

Киритилди: 15:52 23.10.2018. Ўқилди: 6303 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!