Жаҳон метеорология ташкилотининг Чанг-қум бўронлари бўйича Пекин минтақавий маркази ҳамда Гидрометеорология хизмати агентлиги прогнозларига кўра, бугун Тошкент шаҳри ҳудудида нам ҳаво массалари кириб келиши олдидан қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Прогнозларга кўра, кун давомида об-ҳаво ўзгарувчан бўлади, айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шамол тезлиги 3–8 м/с гача, айрим ҳудудларда эса 12–15 м/с гача кучайиши эҳтимоли мавжуд. Кучайган шамол фонида айрим жойларда чанг-тўзонлар юзага келиши кутилмоқда.
Мазкур жараёнлар натижасида атмосфера ҳавосида чанг заррачалари миқдори, айниқса, PM10 концентрацияси қисқа муддатга ортиши кузатилиши мумкин. Бироқ ушбу ҳолат вақтинчалик характерга эга бўлиб, куннинг иккинчи ярмида кузатиладиган қисқа муддатли ёғингарчилик ҳисобига атмосфера ҳавосининг аста-секин тозаланиши кутилмоқда.
Мутахассислар шамол кучайган пайтларда, айниқса, нафас йўллари касалликлари, аллергия ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолари мавжуд фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этади. Зарурат бўлмаганда узоқ вақт очиқ ҳавода бўлмаслик, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда имкони қадар ниқоблардан фойдаланиш тавсия этилади.
Ҳозирда атмосфера ҳавоси ҳолати Махсус комиссия томонидан назоратга олиниб, доимий мониторинг қилиб борилмоқда.