10-11 февраль кунлари Мадагаскарни қамраб олган Гезани тропик циклони қурбонлари сони 59 кишига етди.
Бу ҳақда Мадагаскарнинг Табиий офатлар хавфини бошқариш миллий бюросининг баёнотида айтилган.
"Гезани циклони мамлакатнинг бешта минтақасидаги 25 та туманга таъсир кўрсатди", дейилади баёнотда. "59 киши ҳалок бўлди, 15 киши бедарак йўқолди ва 804 киши жароҳат олди. Жабрланганларнинг умумий сони 423 000 дан ошди".
Аввалроқ 43 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Гезани циклони кўчиб ўтган Мозамбикда унинг оқибатлари туфайли тўрт киши ҳалок бўлди.
Бугун Мадагаскар расмийлари Гезани тропик циклони янгилангани сабабли қизил хавф даражасини эълон қилишди. Расмийлар мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмидаги аҳолига уйларидан чиқмасликни маслаҳат беришмоқда ва кемаларга портда қолиш буюрилган.