Амал қилаётган сулҳга қарамай, Исроилнинг Ливанга ҳужумлари давом этмоқда.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3042 нафарга етган, яна 9300 дан ортиқ киши яраланган.
Вазирлик маълумотига кўра, фақат сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси мамлакат жанубидаги ҳудудларга бир қатор зарбалар берган. Бу ҳужумлар 17 апрелдан амал қилаётган ва яна 45 кунга узайтирилган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай амалга оширилган.
Набатия вилоятидаги Кфар-Сир қишлоғида авиаҳужум оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси, жумладан икки аёл ҳалок бўлган. Ливан ОАВ хабарларига кўра, уй тўлиқ вайрон қилинган.
Харуф қишлоғида эса Исроил дрони муниципалитет автомобилига зарба бериши оқибатида икки киши жабрланган. NNA агентлиги маълумотига кўра, ҳужум пайтида улар маҳаллий аҳолига нон тарқатишга тайёргарлик кўраётган бўлган.
Исроил авиацияси Шуҳҳабия ва Райҳан ҳудудларига ҳам зарбалар берган, артиллерия эса жанубдаги аҳоли пунктларини ўққа тутган. Байрут осмонида эса паст баландликда учаётган Исроил дронлари қайд этилмоқда.
Давом этаётган ҳужумлар фонида Ливан ҳукумати Исроилни сулҳ режимини бузиш ва мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишда айбламоқда.
Ливан томони маълумотига кўра, сулҳ кучга кирганидан кейин ҳам 400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Байрутда таъкидланишича, зарбалар турар жой ҳудудлари ва фуқаролик инфратузилмасига қарши давом этмоқда.