Бугунги кунда коррупция дунёнинг кўплаб давлатлари олдида турган энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат жамият ривожланишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ўсишни секинлаштиради, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини пасайтиради ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига путур етказади. Шу сабабли коррупсияга қарши кураш нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Коррупсия – бу мансаб ёки хизмат ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишдир. У турли шаклларда намоён бўлиши мумкин: пора олиш ва бериш, таниш-билишчилик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат мулкини талон-торож қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар шулар жумласидандир. Бундай ҳолатлар давлатнинг иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга йўналтирилиши лозим бўлган маблағларнинг самарасиз сарфланишига олиб келади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупсияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни қатъийлаштириш борасида муҳим қадамлар ташланди. Электрон давлат хизматларининг кенг жорий этилиши инсон омилини камайтириб, коррупсион хавфларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Коррупсияга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ҳам катта. Журналистлар ва блогерлар томонидан олиб борилаётган суриштирувлар, жамоатчилик томонидан билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалар муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқлик ва ошкоралик тамойиллари жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга ёрдам беради.
Ёшларни ҳалоллик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳам коррупсиянинг олдини олишда муҳим омилдир. Таълим муассасаларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳалоллик ва адолат қадриятларини тарғиб қилиш орқали келажак авлодда коррупсияга нисбатан қатъий салбий муносабатни шакллантириш мумкин. Чунки коррупсияга қарши кураш аввало инсоннинг онгидан бошланади.
Шуни унутмаслик керакки, коррупсия фақат иқтисодий муаммо эмас, балки маънавий ва ижтимоий муаммо ҳамдир. У жамиятда тенгсизликни кучайтиради, адолат тамойилларига путур етказади ва фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини сусайтиради. Шу боис ҳар бир фуқаро қонунларга ҳурмат билан қараши, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши ҳамда ноқонуний ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги зарур.
Хулоса қилиб айтганда, коррупсияга қарши кураш – адолатли, демократик ва тараққий этган жамият қуришнинг муҳим шартидир. Бу йўлда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир фуқаронинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Фақат ҳалоллик, қонун устуворлиги ва очиқлик тамойилларига таянган ҳолдагина коррупсиядан холи, фаровон ва адолатли жамиятни барпо этиш мумкин.
Севинч Райимбердиева