Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

КОРОНАВИРУС vs ВАКЦИНА: ижобий натижалар бошланиш остонасида

КОРОНАВИРУС vs ВАКЦИНА: ижобий натижалар бошланиш остонасида

Бутун дунё аҳолисини ташвишга солиб турган коронавирус пандемиясига чалинаётган инсоният сони соат сайин эмас дақиқа, сониялар ичида кўпайиб бормоқда. Шу ўринда жуда кўпчиликни ўйлантираётган савол, наҳотки бу вирусга қарши вакцина топилмаса. Ёки топилган тақдирда уларнинг таъсир даражаси қандай бўлади? Бир биридан касалликни юқтираётганларга бу вакцина юборилиб “занжирнинг” давомийлиги қачон тўхтатилади(?)

Россияда бу борада катта ишлар бошланган, хусусан россиялик олимлар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда клиникада тажрибадан ўтказилган коронавирусга қарши курашишда самаралироқ бўлган 10 дан ортиқ дорилар топилди дея хабар бермоқда РИА Новости.

Топилган дорилардан 6 таси бир қатор мамлакатларда ишлатиш учун тасдиқланган 9 таси клиникада тажрибадан ўтказилмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тажриба қилинаётган дориларнинг айримлари коронавирус инфекциясининг лаборатория моделларида ижобий натижа кўрсатган.

Ушбу дори воситаларидан иккитаси, никлозамид ва нитазоксанид Францияда ва яна биттаси Сингапурда янги коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларда синаб кўриш учун тавсия қилинди.

СOVID-19 га қарши топилган натижали дорилар сенолитикларни ҳам ўз ичига олган. Яъни бу дори воситалари сенесцент-шикастланган ҳужайраларни йўқ қилишга ёрдам беради. Ихтирочилар фикрича, ёши катталарда учрайдиган касалликлар учун қўлланиладиган ушбу дори воситалари эпидемия даврида энг ҳимоясиз гуруҳ бўлмиш – ёши катталар ва сурункали касалликлар билан оғрийдиган беморларни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бироқ бу дорилар мутахассис шифокорларнинг тавсияси берилган тақдирда ишлатишга рухсат берилиши мумкин.

“Коронавирусга қарши тайёр вакциналар эҳтимол 1 йилдан сўнггина яратилиши мумкин. Уларнинг устида бир қанча мамлакатларда иш олиб борилмоқда. Жараён жуда кўп босқичли бўлиб ўзида нафақат дори воситаси синтези, балки ҳар томонлама чуқур клиник тажрибаларни ҳам талаб қилади”, – дейди Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович.

Хитойда ҳам коронавируснинг янги турига қарши вакциналарнинг клиник тажрибаси бошланди. Тажрибада 108 та кўнгиллилар иштирок этмоқда. Уларни 36 нафардан 3 та гуруҳга ажратишган. Ҳар бир гуруҳга ҳар хил дозаларда вакциналар юборилиб тажрибалар ўтказилмоқда. Тажрибалар шу йилнинг охирига қадар ўтказилиши кўзда тутилган. Тажрибалар врачларнинг қаттиқ назорати остида ўтказилиб унда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этишмоқда. Тажрибанинг биринчи босқичида Уханьнинг Учан, Хуншань, Даунху шаҳарлари аҳолиси иштирок этмоқда. Аммо бу тажрибаларнинг бошланганлиги тўғрисида жорий йилнинг 16 мартига қадар расмий хабар ўз тасдиғини топмаган эди. Тажрибалар Эбола вакцинасини яратишда ижобий тажрибага эга маҳаллий корхоналар билан биргаликда амалга оширилди. Натижа эса ижобий. Мутахассислар GMP стандартларига тўғри келадиган намуналар яратишга эришди.

Ҳозирги кунгача Хитойда коронавируснинг янги турига қарши 8 та вакцина ишлаб чиқилди. Улардан айримлар ҳайвонларда ижобий натижаларни кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг март ойи ўрталарида Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “номзод-вакцина”ларнинг 41 та вариантини тақдим этди.

Ушбу “номзод-вакцина”ларни ишлаб чиқарувчилари ичида жаҳоннинг йирик фармацевтика холдинглари ва машҳур Англиядаги Оксфорд университети, Франциядаги Пастера институтлари борлиги диққатга сазовордир.

АҚШнинг бир қанча шаҳарларида охирги сўнгги кунлар давомида кўнгиллиларга СOVID-19га қарши клиникавий тажрибалар ўтказиш бошлашганлиги тўғрисида хабар берилди. Аммо шуни таъкидлаш керакки, СанДиегодаги Inovio компаниясининг тадқиқотлар марказида тажрибалар бир неча ой давом этиши ва мукаммал вакцина кейинги йилнинг ўрталарида тайёр бўлишини айтмоқда.

Инсон саломатлиги йўлида ҳар бир маълумот олтинга тенг бўлиб турган бир даврда мамлакатларда коронавирусни юқтирганлик аломатларини кўрсатиб берувчи тестлар етишмовчилиги сезилмоқда. Хусусан, ривожланган мамлакатлардан АҚШ, Англия, Италия ва бошқа мамлакатлар шулар жумласидандир. Айни вақтда Исроилнинг олимлар жамоаси вируснинг аниқлашнинг муваффақиятли янги услуби топилганлиги тўғрисида хабар беришди. Бу молекуляр тест услуби бир йўла бир нечта намуналарни қайта ишлаш имконига эга.

Касалликни аниқлашда бу каби тест ўтказиш услублари ўта муҳим. Чунки инсон ҳеч қандай симптомсиз вирус ташувчиси ҳам бўлиши мумкин. Айниқса охирги вақтларда бу касаллик билан оғриб тузалган беморларнинг яна қайтиб касалланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Бу беморларда касаллик қайталангани билан вирусга иммунитет ҳосил қилишлари ва ўзларига зарар етказмаган ҳолда бошқалар ҳаётини хавф остига қўйишлари мумкин.

Охирги пайтда коронавирус пандемияси Австралия ички ишлар вазири Питер Датон, Испаниянинг тенглик масалалари бўйича вазири Ирен Монтеро, Польша қуролли кучлар қўмондони Ярослав Мика, Эрон саноат вазири Реза Рахмани, Франция маданият вазири Франк Ристер, Буюк Британия премьер-министри Борис Жонсон ва бошқа сиёсатчи ҳамда машҳурларни ҳам четлаб ўтмади.

Инсоният айни вақтда нафақат ўзининг балки бошқаларнинг ҳаётига не чоғлик масъул эканини ҳис қиладиган давр келди.
 

Гулрухсор РАВШАНОВА,

Халқаро шарҳловчи

Manba: uza.uz

Киритилди: 05:45 30.03.2020. Ўқилди: 7311 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!