Шаҳар мэри Виталий Кличко бунақаси уруш бошидан буён бўлмаганини айтмоқда. Кўчада ҳаво ҳарорати –19 даражагача тушган.
9 январга ўтар кечаси Россия қўшини Киев бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарбалар йўллади, шундан кейин шаҳарда иссиқлик, электр ва ичимлик сув таъминоти бўйича вазият кескин ёмонлашди. Ўша куни Украина пойтахти мэри Виталий Кличко шаҳардаги кўп квартирали уйларнинг қарийб ярми – олти мингга яқин уйлар иссиқликсиз қолганини айтиб, бу ҳудудларда яшовчи киевликларни имкон қадар шаҳардан кетишга чақирди.
Шу ҳафтада Киевда кучли совуқ бошланди. Музлаш ва ноқулай об-ҳаво туфайли тиклаш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи мутахассисларда қўшимча қийинчиликлар юзага келган. Украинанинг ДТЭК энергетика компанияси свет билан боғлиқ вазиятни «бутун қиш давомидаги энг мураккаби» деб атади.
Орадан беш кун ўтиб, 14 январ куни Кличко Киевдаги вазият ҳамон «жуда мураккаб» эканини айтди. «Бунақаси кенг кўламли урушнинг тўрт йили ичида биринчи марта бўлмоқда», – деб ёзди у. Ўша пайтда шаҳарда, унинг сўзларига кўра, 400 га яқин кўп қаватли уйлар иссиқликсиз қолганди. Мэр Киевнинг Днипро дарёси ўнг соҳилида жойлашган қисмида иссиқлик таъминоти билан боғлиқ вазият нисбатан барқарор эканини айтиб, чап қирғоқдаги вазиятни мураккаброқ деб баҳолаган.
Украинанинг Энергетика тадқиқотлари маркази директори Александр Харченко ҳам Киевда бутун уруш давомида энергетика билан боғлиқ бундай мураккаб вазият бўлмаганини таъкидлаган. «Дунёда ҳеч қачон – 15 даражадаги ҳароратда марказий иситиш тизими мавжуд бўлган шаҳарга ҳужум қилиниб, у вайрон қилинмаган», – деган у.
Володимир Зеленский 14 январ куни ўтказилган йиғилишда Украина энергетика тизимида фавқулодда ҳолат режими жорий этилиши, ҳукумат эса совуқ пайт учун комендантлик соати қоидаларини қайта кўриб чиқишини маълум қилди. «Одамларда қўллаб-қувватлаш пунктларидан максимал даражада фойдаланиш имконияти бўлиши, бизнес эса энергия тизимидаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда ишни режалаштириш имкониятига эга бўлиши керак», – дея қўшимча қилди Украина президенти.
Шу билан бирга, Зеленский Киев маъмурияти энергетикадаги мураккаб вазиятга тайёргарлик кўриш учун бошқа ҳудудларга қараганда анча кам иш қилганини афсус билан таъкидлади. Кличко эса унга жавобан, президентнинг бундай баёнотлари «минглаб одамлар, мутахассисларнинг фидокорона меҳнатини йўққа чиқариши», улар одамларга свет ва иссиқликни қайтариш учун кеча-ю кундуз ишлаётганини таъкидлади.