Бугун 16 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

ЖЧ-2026: АҚШдаги меҳмонхоналар нархи кескин арзонлашмоқда. Бунга нима сабаб бўлди?

ЖЧ-2026: АҚШдаги меҳмонхоналар нархи кескин арзонлашмоқда. Бунга нима сабаб бўлди?

Жорий йил АҚШ мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати арафасида мамлакатдаги меҳмонхона нархлари кескин пасайиб кетди. Бу ҳақда соҳа вакилларига таяниб, Financial Times нашри хабар бермоқда. Нархларнинг тушишига чипталар нархи ҳаддан ташқари қимматлиги ҳамда дунёда АҚШга нисбатан шаклланган салбий кайфият туфайли мухлислар ташрифининг камайиши хавфи сабаб бўлмоқда.

Аввалроқ Европа футбол мухлислари ассоциацияси (FSE) чипталар нархини “талончилик” деб атаган ва уларнинг савдосини дарҳол тўхтатишга чақирганди. Маълумотларга кўра, FSE ва Европа истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи чипталар савдосидаги монополия юзасидан Еврокомиссияга FIFA устидан шикоят киритган.

“АҚШ меҳмонхоналари ёзда бўладиган Жаҳон чемпионати даври учун нархларни туширишга мажбур бўлмоқда. Соҳа раҳбарларининг огоҳлантиришича, чипталарнинг қимматлиги, инфляция хавфи ва антиамерика кайфияти мухлисларни саёҳат режаларидан воз кечишга мажбур қилмоқда”, дейилади нашр материалида.

Lighthouse Intelligence таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, мусобақага мезбонлик қилувчи Атланта, Даллас, Маями, Филаделфия ва Сан-Франциско каби шаҳарларда меҳмонхона нархлари йил бошидагига нисбатан учдан бир қисмга (тахминан 30 фоизга) арзонлаган.

Соҳа мутахассисларидан бири халқаро талабнинг пасайишини АҚШнинг виза ва иммиграция сиёсатидан норозилик, шунингдек, Эрон атрофидаги беқарор вазият билан изоҳлади. Маълум бўлишича, турнирни бойкот қилиш ҳақидаги чақириқлардан сўнг, бир кечанинг ўзида 17 мингга яқин ишқибоз ўз чипталарини қайтариб берган.

“Одамларнинг АҚШга келиш истаги сезиларли даражада камайгани яққол кўриниб турибди”, дея қўшимча қилади Financial Times.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ—2026 илк бор 48 та жамоа иштирокида уч мамлакат — АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтказилади. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар давом этади. Шунингдек, 2028-йилда Лос-Анжелес шаҳри ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиши режалаштирилган.

Киритилди: Бугун 16:27. Ўқилди: 311 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!