АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Исроил ҳукумати аъзолари Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги урушни якунлашга қаратилган келишувга қарши чиқиш учун Америка жамоатчилиги фикрига таъсир ўтказишга ҳаракат қилганини билдирди.
"Исроил ҳукумати таркибида бизни ушбу сиёсатдан қайтаришга уринаётган одамлар борлигини аниқ биламан. Чунки улар ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни истайди", — деди вице-президент.
Вэнс Исроил ҳукуматининг айрим аъзолари билан яхши муносабатда эканини, бироқ тизим ичида урушни чексиз давом эттириш учун АҚШ жамоатчилиги фикрини манипуляция қилаётган шахслар борлигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлатлар, жумладан иттифоқчилар ҳам, рақиблар ҳам Вашингтоннинг сиёсатига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.
"Исроил ёки Россиянинг бунга уринаётгани мени хавотирга солмайди. Бу шунчаки 2026 йилда сиёсий етакчи бўлишнинг одатий кўринишидир. Бироқ бу каби таъсир кампаниялари Қўшма Штатларнинг сиёсий қарорларига таъсир қила бошлагани мени ташвишга солади", — деди у.
Исроил таъсири бўлмаганида ҳам, АҚШ Эронга қарши ҳозирги урушга киришган бўлармиди, деган саволга Венс "Ҳа, шундай деб ўйлайман", дея жавоб берди.
"Ўйлайманки, президент Исроилнинг ҳар қандай таъсиридан қатъий назар, Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигига қатъий ишонади ва мен бу фикрга қўшиламан", — деди вице-президент.