Исроил ва Греция қиймати қарийб 3 миллиард евро бўлган йирик мудофаа келишувини имзолади. Унга кўра, Исроил Греция учун кўп босқичли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратади.
The Times of Israel хабарига кўра, бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги маълум қилган.
«Ахилл қалқони» деб номланган келишув доирасида Грецияга Исроилда ишлаб чиқарилган бир қатор замонавий тизимлар етказиб берилади. Улар орасида Rafael компаниясининг «David’s Sling» ва SPYDER мажмуалари, шунингдек, Israel Aerospace Industries ишлаб чиқарган BARAK MX тизими бор.
Исроил Мудофаа вазирлиги ушбу битимни Исроил ва Греция муносабатлари тарихидаги энг йирик мудофаа маҳсулотлари экспорти келишуви, шунингдек, Исроил тарихидаги энг катта шундай битимлардан бири деб атади.
Ҳужжат Тель-Авивдаги Исроил Мудофаа вазирлиги қароргоҳида вазирлик бош директори Амир Барам ва унинг грециялик ҳамкасби Иоаннис Бурас томонидан имзоланди.
«Келишув доирасида Исроил Греция учун тўлиқ Исроилда ишлаб чиқарилган тизимлар ҳамда уруш давомида Исроил мудофаа идораси тўплаган катта амалий тажрибага асосланган комплекс, кўп босқичли ҳаво мудофаа тизимини барпо этади», — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, бу Исроилнинг бошқа давлатга баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларини ҳам қамраб олувчи кенг турдаги таҳдидларга қарши тўлиқ мудофаа комплексини илк бор етказиб бериши бўлади.
Бундан ташқари, томонлар Грецияга Rafael компаниясининг Drone Dome тизимларини 26 миллион еврога сотиш бўйича қўшимча келишув ҳам имзолади.
Исроил Греция билан мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, грециялик корхоналарга билим ва технологиялар узатишни ҳам режалаштирмоқда.