Индонезия ва Малайзия Grok сунъий интеллект тизимини блоклади.
Аёллар ва вояга етмаганлар иштирокидаги сохта порнографик контент яратилишидан хавотир билдирган Индонезия ва Малайзия расмийлари Grok сунъий интеллект тизимига киришни вақтинча тўхтатди.
Бу чоралар реалистик тасвирлар, овоз ва матн яратишга қодир генератив сунъий интеллект воситалари бўйича бутун дунёда кучайиб бораётган хавотирларни акс эттиради. Чунки мавжуд ҳимоя механизмлари уларнинг суиистеъмол қилинишининг олдини олишга етарли даражада қодир эмас.
Илон Маскга тегишли Х ижтимоий тармоғи орқали фойдаланиладиган Grok чат-боти аёлларни бикини ёки жинсий мазмундаги ҳолатларда тасвирлаш, шунингдек болалар иштирокидаги образларни яратиш каби манипуляцияланган расмлар яратгани учун кенг танқидга учради.
Жануби-Шарқий Осиёдаги икки давлат мавжуд назорат чораларига қарамай, аёллар ва вояга етмаганлар иштирокидаги сохта порнографик контент яратилиши ва тарқалишининг олди олинмаётганини маълум қилди. Индонезия ҳукумати 10 январ куни Grokʼга киришни вақтинча блоклади, ундан кейин якшанба куни Малайзия ҳам худди шундай қарор қабул қилди.
“Розиликсиз яратилган жинсий дипфейклар ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммат ва фуқароларнинг рақамли макондаги хавфсизлигига жиддий тажовуз сифатида баҳоланади”, — деди Индонезия Алоқа ва рақамли масалалар вазири Меутя Ҳафид ўз баёнотида.
Куала-Лумпурда Малайзия Алоқа ва мультимедиа комиссияси кеча Grokʼга вақтинчалик чеклов жорий қилди.
“Чеклов ҳуқуқий ва тартибга солиш жараёнлари давом этаётган бир пайтда олдини олувчи ва мутаносиб чора сифатида жорий этилди”, — дейилади баёнотда. Самарали ҳимоя воситалари жорий этилмагунча Grokʼга кириш ёпиқ қолиши қўшимча қилинди.