Бугун 19 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда

A A A
Илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда

 Ўзбекистонда олий таълим тизимига республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим бўғини сифатида эътибор қаратилиб, соҳада жамият тараққиётининг устувор йўналишларига мос равишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

 Жорий 2018/2019 ўқув йилида 13 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, шундан учтаси нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалидир. Иқтисодиётнинг реал секторларида мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб 66 та замонавий таълим йўналиши ва 48 та магистратура мутахассислигида кадрлар тайёрланмоқда.

 Жамиятимизда олий таълимга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда, таълим олиш шакллари кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда кундузги, кечки, сиртқи, махсус сиртқи, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим каби таълим шаклларида олий таълим олиш имконияти мавжуд. Қабул квоталари жамиятдаги мавжуд эҳтиёж ва ривожланиш суръатига қараб ошириб борилмоқда, охирги уч йилда бу кўрсаткич икки баробар кўпайди.

 Янги ўқув йилидан 15 та олий таълим муассасасида етакчи хорижий ОТМлари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, уларда фаолият кўрсатадиган 500 дан ортиқ профессор-ўқитувчи хорижий таълим марказларида стажировка ўтаб келишди.   

  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. 1000 нафардан ортиқ хорижий мутахассисни республика олий таълим муассасаларида педагогик ва илмий фаолиятга жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.

 Ўзбекистон малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида Россия Федерацияси билан стратегик аҳамиятга эга ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

  Олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш мақсадида Россия ва Ўзбекистонинг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда.

  Халқаро форум шу йилнинг 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиб, унда икки давлат Президентлари администрациялари, Ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини Таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.

  Халқаро форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

   “Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да икки давлат ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишади.

   Халқаро форум доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда.

 “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” якунлари бўйича Ўзбекистонда Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, биргаликда илмий ва инновацион форум ҳамда қўшма тадбирларни ўтказиш, илмий-тадқиқот бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.  

         

  Қисқа сатрларда:

  • Ўзбекистонда Россиянинг тўртта олий таълим муассасасининг филиалларида икки минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда;
  • жорий ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги тўртта ОТМда Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадр тайёрланмоқда;
  • 2018 йилда Тошкент шаҳрида “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилди ва кейинги ўқув йилидан филиалда ўқув жараёнлари бошланади;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018 йил 1 августда  Миллий ядро тадқиқотлар институтида Москва муҳандислик-физика институти билан магистратура бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзоланди;
  • жорий йилда С.Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти билан Тошкент шаҳрида филиал ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

 

Manba: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати

 

Киритилди: 18:30 18.10.2018. Ўқилди: 1659 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!