Бугун 4 апрель, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ҳусанов – “ўзбекча Роналду”!

Ҳусанов – “ўзбекча Роналду”!

Нуфузли манба – The Athletic нашри Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга тавсиф бериб, уни португалиялик машҳур фуболчи Криштиану Роналду билан таққослади.

- Абдуқодир Ҳусанов — Криштиану Роналдунинг ўзбекча аналоги. Тошкент шаҳрида The Athletic вакиллари билан мулоқот қилган ҳар бир инсон, у футболни кузатадими ёки йўқ, албатта Ҳусановни танийди.

Абдуқодирнинг сурати катта реклама баннерларида жойлашган, шахсий ҳаётидаги муҳим воқеалар эса миллий янгиликларда ёритилади.

Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок билан боғлиқ бўлган барча орзу-умидлар айнан “Манчестер Сити”нинг 22 ёшли марказий ҳимоячиси елкасида, - деб ёзади The Athletic нашри ўзининг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида.

Жорий мавсумда Ҳусанов Хосеп Гвардиола жамоасидаги асосий ўйинчилардан бирига айланди. Ўзбек футболчиси жамоа сафида легионер сифатидаги илк совринини қўлга киритди. У “Манчестер Сити”нинг Англия лигаси кубогидаги ғалабасида иштирок этди. “Арсенал”га қарши финал учрашувида энг зўр ўйнаган футболчилардан бўлди ва жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ютуғига катта ҳисса қўшди.

Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳозиргача 25 та ўйинда майдонга тушди. Март ойида Тошкентда ўтказилган Халқаро футбол федерациясининг янги FIFA Series 2026 турнирида ғолиб чиққан Ҳусанов ушбу мусобақанинг энг яхши ўйинчиси соврини билан ҳам тақдирланди.

Келаси ёзда Ўзбекистон миллий терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатида қаинашади. Мундиалга илк бор борадиган ўзбек футболчилари “К” гуруҳида Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари билан куч синашади.

Футбол экспертлари гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўзаро тўқнашувида Абдуқодир Ҳусанов ва Криштиану Роналдунинг ўзига хос “дуэли”ни кутмоқда.

Киритилди: Бугун 09:13. Ўқилди: 291 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!