Бугун 13 январь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

ҲАМАС Ғазодаги маъмуриятини тарқатиб юборишга тайёр

ҲАМАС Ғазодаги маъмуриятини тарқатиб юборишга тайёр

Ғазодаги ҲАМАС ҳаракати минтақа бошқаруви янги ташкил этиладиган Фаластин технократик қўмитаси ихтиёрига ўтгач, ўзининг амалдаги маъмуриятини тарқатиб юборишини эълон қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Мазкур қадам АҚШ воситачилигида Ғазо сектори учун ишлаб чиқилган режанинг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Ҳозирча на ҲАМАС, на унинг рақиби бўлган — халқаро миқёсда тан олинган Фаластин миллий маъмурияти янги қўмита таркибига кирувчи технократлар исмини очиқламади. Режага кўра, қўмита аъзолари ҳеч қайси сиёсий гуруҳга алоқадор бўлмаслиги лозим. Бироқ уларнинг номзоди Исроил ва АҚШ томонидан маъқулланиши масаласи ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда.

2025 йил 10 октябрдан кучга кирган сулҳ битимининг бошқа бандлари, жумладан, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва минтақага халқаро хавфсизлик кучларини юбориш жараёнларини “Тинчлик кенгаши” назорат қилади. АҚШ президенти Дональд Трамп раислик қиладиган ушбу халқаро органнинг бошқа аъзолари ҳозирча номаълум, бироқ уларнинг исмлари жорий ҳафта охиригача эълон қилиниши кутилмоқда.

Трампнинг таъкидлашича, мазкур кенгаш технократия қўмитаси фаолиятини кузатиб боради, Исроил қўшинларини олиб чиқиш ва Ғазони қайта тиклаш ишларига масъул бўлади.

ҲАМАС расмий вакили Ҳазем Кассем Telegram канали орқали технократия қўмитасини тузиш жараёнини тезлаштиришга чақирди. Шу билан бирга, ҲАМАС делегацияси Миср, Қатар ва Туркия вакиллари билан сулҳнинг иккинчи босқичига ўтиш масаласини муҳокама қилиш учун йўлга чиқмоқда.

Мисрлик мулозимнинг аноним тарзда маълум қилишича, Халил ал-Хайя бошчилигидаги ҲАМАС делегацияси шу ҳафтада бошқа Фаластин гуруҳлари билан ҳам учрашиб, қўмита таркибини узил-кесил шакллантиришни режалаштирган.

Киритилди: 23:27 12.01.2026. Ўқилди: 316 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!