Бугун 16 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

ФИФА янги турнирнинг очилиш ўйинида Исроил — Фаластин баҳсини ўтказмоқчи

ФИФА янги турнирнинг очилиш ўйинида Исроил — Фаластин баҳсини ўтказмоқчи

ФИФА 15 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги янги халқаро футбол фестивалининг очилиш ўйини сифатида Исроил ва Фаластин ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги баҳсни ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда The Athletic нашри.

Янги турнир 2026 йил сентябрь ойида АҚШда бўлиб ўтади ва ФИФА ҳомийлигидаги бундай форматдаги илк лойиҳа ҳисобланади. Мусобақада ташкилот таркибига кирувчи 211 та миллий ассоциация иштирок этиши мумкин.

Манба маълумотига кўра, ФИФА президенти Жанни Инфантино айнан Исроил ва Фаластин жамоалари ўртасидаги учрашув турнирга старт беришини истамоқда. Бу ташаббус футбол орқали томонлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Аввалроқ Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган ФИФА конгрессида Инфантино Исроил ва Фаластин футбол ассоциациялари вакилларининг саҳнада биргаликда пайдо бўлишини ташкил этишга ҳаракат қилган эди. Бироқ ўшанда томонлар бир-бири билан қўл бериб кўришмаган.

Исроил футбол федерациясида бундай учрашув ғоясини қўллаб-қувватлашди.

«Биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ футболдан муносабатларни нормаллаштириш ва тинчликни тарғиб қилиш воситаси сифатида фойдаланишга тайёрмиз. Барча учун яхшироқ келажак йўлида қўлларимиз доимо очиқ», — дейилади ташкилот баёнотида.

Айни вақтда Фаластин футбол ассоциацияси ФИФАнинг таклифига расмий жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 15 ёшгача бўлган футболчилар учун янги фестивални ташкил этиш ҳақидаги қарор ФИФА кенгаши томонидан ўтган йилнинг декабрь ойида қабул қилинган. Учрашувлар кичрайтирилган майдонларда, ҳар бир жамоа таркиби етти нафардан тўққиз нафаргача бўлган форматда ўтказилади. Илк турнир ўсмирлар ўртасида ташкил этилса, 2027 йилда худди шундай мусобақа қизлар жамоалари учун ҳам ўтказилади.

Киритилди: 23:37 15.06.2026. Ўқилди: 211 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!