Тожикистондан Фарғонага машина ёнилғи бакида тақиқланган моддаларни ўтказмоқчи бўлган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, “Равот” чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги Lacetti белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган ва унинг ёнилғи бакида шубҳали жисмлар аниқланган.
Фото: Божхона матбуот хизмати
Шундан сўнг бак очиб кўрилганида, унинг ичига 6 945 дона Royal номли кучли таъсир қилувчи дорилар ҳамда 3 турдаги, 10 кило 739 грамм гашиш, 412 грамм марихуана ва 35 грамм опий, жами, 11 кило 186 граммга тенг гиёҳвандлик воситалари топилди.
Фото: Божхона матбуот хизмати
Суриштирувлар давомида ҳайдовчи тожикистонлик шахснинг буюртмасига биноан, 2 минг доллар эвазига мазкур гиёҳвандлик воситаларини божхона чегараларидан олиб ўтиши ва ўз уйидаги боғга кўмиб қўйиши, кейинчалик тожикистонлик фуқаронинг ўзи уларни олиб кетиши режалаштирилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўтган йил давомида 1,8 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан, синтетик наркотик моддаларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.