Фарғона вилояти Риштон туманида “Булоқбоши гулшани” фермер хўжалиги раҳбари Ғайратжон Хайруллаевнинг уйида ички ишлар ходимлари билан жанжал юз берди.
Фермернинг сўзларига кўра, 3 нафар ходим ғалла режасига оид баҳона билан унинг уйига кириб келиб, тўппонча ўқтаб таҳдид қилган. Ҳолатга аралашган фермернинг 70 ёшдан ошган онаси эса итарилиб, ерга йиқилган ва ҳушидан кетган.
“Биржага 17 тонна дон топширганман, уйимда бир кило ҳам дон йўқ. Онам бир ҳафта шифохонада ётиб зўрға ўзига келди”, — дейди фермер.
Шунингдек, яна бир фермер пахтага ўғит ускунаси ҳокимиятга топширилмагани учун 5 суткага қамалгани айтилмоқда.
Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов эса ходимлар фермерга тўппонча ўқитмаганини, улар фақат тушунтириш учун борганини билдирган.