Instagram сервисининг асосчилари Кевин Систром ҳамда Майк Кригер яқинда унинг жамоасини тарк этишганди. Facebook компаниясига қарашли мазкур сервисга вице-президент этиб Адам Моссери тайинланган.Раҳбарият алмашганидан сўнг Instagram сервисига Facebook таъсири яққол сезила бошлади. Жумладан, инсайдерлар Facebook мобил клиентининг созламасидаги ўзгаришни пайқаб қолишган. Ундаги янги функция компанияга фойдаланувчининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни «Facebook маҳсулотлари, жумладан Instagram ва Messenger орқали» кузатишга имкон беради. Смартфонда бу иловалар фон режимида ёки ҳатто ёпиқ бўлса ҳам ушбу функция ишлаб туради!Айтиш керакки, геомаълумотлар журнали йўналтирилган реклама учун маълумот тўплашнинг қўшимча манбаси ҳисобланади. Шунингдек, асосий Facebook иловасида бу функция ўчириб қўйилган бўлса, бепул Wi-Fi нуқталарини излаш ҳамда «Яқин атрофдаги дўстлар» функциялари ҳам ишламайди.
Янги опция айни дамда дастлабки созламаларга кўра ўчиқ ва фойдаланувчидан яширин ҳолатда. TechCrunch нашри сўров юборганида, Instagram сервиси миш-мишларни инкор этмаган, аммо айни дамда бу илова фойдаланувчининг жойлашувлар тарихини сақламаслигини таъкидлаган.
Хулласи калом, Facebook компанияси йўналтирилган реклама учун маълумот тўплаш мақсадида (балки бошқа ниятлари ҳам бордир) энди Instagram орқали ҳам фойдаланувчиларни кузатишга ўтаётир.Айтиш керакки, 2014 йили Facebook компанияси WhatsApp мессенжерини ҳам сотиб олганди. Ўшанда у ижтимоий тармоқ ва WhatsApp аккаунтларини бирлаштириб юбормасликка ваъда берган, аммо бир неча йил ўтиб барибир уларни бирлаштириб юборганди. Энди Instagram’ни ҳам шунга ўхшаш тақдир кутаётганини сезиш қийин эмас.
Manba: terabayt.uz