16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси Ойнинг қисман тутилиши содир бўлади.
Ўзбекистон Фанлар академияси хабарига кўра, бу тутилиш дунё вақти билан соат 21:31 да бошланади, бу пайтда Ўзбекистонда 17 июль тунги соат 02:31 бўлади. Мазкур тутилишни мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатиш мумкин бўлади.
Хабарда таъкидланишича, Ой маҳаллий вақт 16 июль куни соат 23:42 дақиқа ўтганда ярим сояга киришни бошлайди, 17 июль тунги 01:00 да сояга киради. Соядан соат 04:00 да чиқади, ярим соядан эса соат 05:19 да чиқади, яъни Ой тутилиши ниҳоясига етади.
Қуёш соат 05:04 да чиқади. Унинг максимал фазаси 0,66 га етади. Ернинг табиий йўлдоши тутилиш пайтида ер соясининг жанубий қисмидан ўтади. Ойда бу вақтда қисман ва тўла қуёш тутилиши кузатилади. Шунингдек, тутилиш Жанубий Америка, Европа, Африка, Осиё, Австралия ва Россия (Чукотка, Камчатка ва Узоқ Шарқ соҳилларидан ташқари) ҳудудларида ҳам кузатилади.
Қуёш тутилишидан фарқли равишда, Ой тутилиш давомида кўриниб туради. Ой тутилишнинг катта фазасида қизил ёруғлик сочади ва умуман йўқолиб кетмайди. Тутилишни оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Одатда қисман ой тутилиши вақтида бу ҳодисани оддий кўзда илғаш қийин бўлади, шунинг учун сизда дурбин ёки кўриш трубаси бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки асбоб ёрдамида Ой юзи яхшироқ кўринади ва сизга ушбу астрономик ҳодисадан завқ олишингизга ёрдам беради.
Ой тутилиши бу Ой сатҳига Ер сояси тушганда юз берадиган ҳодисадир. Бу ҳодиса Қуёш, Ер ва Ойнинг бир-бирларига нисбатан эгаллаган вазиятларига боғлиқ.