Бугун 3 сентябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Эрон минтақадаги АҚШ базаларига зарбалар берганини билдирди

Эрон минтақадаги АҚШ базаларига зарбалар берганини билдирди

Эрон армияси ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (КСИР) Баҳрайн, БАА, Ироқ ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар орқали қатор ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди. Теҳрон бу зарбаларни АҚШнинг Эронга қарши ҳужумларига жавоб деб атади.

Эрон армияси матбуот хизматига кўра, «Саика» операциясининг 30-босқичи доирасида ўнлаб портловчи дронлар БААдаги «Ал-Дафра» ва «Ал-Минҳад» авиабазаларидаги радар тизимлари ҳамда Америка қўшинлари жойлашган ҳудудларга ҳужум қилган.

Шунингдек, Баҳрайндаги «Шайх Исо» авиабазасида АҚШ кучлари фойдаланадиган радар қурилмалари ва бошқа объектлар «Араш» дронлари орқали нишонга олингани айтилди.

КСИР Ироқ шимолидаги Эрбил шаҳрида жойлашган Америка объектларига ҳам ракета ва дронлар билан зарба берилганини билдирди. Теҳрон томони техник хизмат кўрсатиш марказлари ва жиҳозлар омборлари йўқ қилинганини, шунингдек, разведка аэростатининг йўналтириш тизими зарарланганини ва ёқилғи омборларида ёнғин чиққанини даъво қилмоқда.

Эрон ҳарбийлари бир нечта америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ҳам билдирди. Бироқ АҚШ томони бу маълумотни тасдиқламаган.

Бундан ташқари, КСИР Иорданиядаги «Лагерь Титин» денгиз пиёдалари базасига ракета зарбаси берилганини маълум қилди. Эрон томони ушбу ҳужумни АҚШнинг Ҳормозгон вилоятидаги Сирик шаҳрида турар жой биносига берган зарбасига жавоб сифатида изоҳлади.

КСИР, шунингдек, Иорданиядаги шаҳзода Ҳасан авиабазасида RQ-4 ва MQ-9 дронлари жойлаштирилган ангарларга оммавий ракета зарбалари берилганини билдирди. Теҳрон бир нечта дрон йўқ қилингани ва америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлганини даъво қилмоқда.

Ҳужумлар АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳудудидаги КСИР объектларига зарбалар бошланганини эълон қилганидан кейин содир бўлди. Шундан сўнг Эрон ОАВлари Кешм ороли, Бандар-Аббос, Сирик, Чобаҳор ва Конарак шаҳарларида портлашлар содир бўлганини хабар қилди.

Киритилди: 21:10 02.09.2026. Ўқилди: 491 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!