Бугун 11 август, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Эрон минтақада нефть савдосини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилди

Эрон минтақада нефть савдосини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилди

Эрон парламенти спикери ва бош музокарачи Муҳаммад Боқир Қолибоф Ормуз бўғозидаги вазият урушдан олдинги ҳолатига қайтмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, агар Эрон нефть экспорт қилиш имкониятидан маҳрум этилса, минтақадаги бошқа давлатлар ҳам нефть сота олмайди.

«Биз нефть сота олмайдиган минтақада ҳеч ким нефть сотмайди», — деб ёзди Қолибоф X ижтимоий тармоғида.

Унинг сўзларига кўра, можаро «ҳаммаси ёки ҳеч нарса» босқичига ўтган. Қолибоф, шунингдек, агар Эрон хавфсизлиги кафолатланмаса, «ҳеч қандай инфратузилма хавфсиз бўлмайди», дея огоҳлантирди.

Парламент спикери Ормуз бўғозидаги хавфсизлик АҚШ ҳарбий кучларининг у ерда бўлмаслигига боғлиқлигини таъкидлади. Шунингдек, Эрон урушдан аввалги вазиятга қайтиш мумкин эмаслигини бир неча бор маълум қилганини эслатди.

Бу баёнот АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон Ормуз бўғозидаги тижорат кемаларига ҳужум қилса, жавоб тариқасида Эрондаги кўприклар ва электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилганидан бир неча соат ўтиб янгради.

Эрон аввалроқ ҳам янги денгиз қоидалари доирасида Теҳрон билан мувофиқлаштирилган ҳолда Ормуз бўғози орқали фуқаровий кемалар ҳаракати хавфсиз сақланишини билдирган, бироқ республика мазкур сув йўлини назорат қилишни давом эттириш ниятида эканини таъкидлаган.

Жаҳон денгиз орқали нефть ташиш ҳажмининг тахминан бешдан бир қисми ўтадиган Ормуз бўғози АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаракатлари ҳамда кейинчалик юзага келган денгиз қатновига оид баҳслар фонида энг кескин нуқталардан бири бўлиб қолмоқда.

Киритилди: 22:58 23.07.2026. Ўқилди: 870 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!