Манбаларга кўра, Теҳрон сайловларга қадар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракатини тиклаш бўйича келишувга эришиш имкониятига пессимистик қарамоқда. БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтган ҳафта бўлиб ўтган АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасидаги мулоқотлар ҳам сезиларли натижа бермаган.
Шунга қарамай, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШда қолиб, музокараларни давом эттирмоқда. Мулоқотлар Покистон ва Қатар воситачилигида олиб борилмоқда. Навбатдаги учрашувда АҚШ вакиллари бевосита иштирок этмаган.
Аввалроқ Теҳрон Ҳурмуз бўғозини етти кун ичида очишга тайёрлигини билдирган эди. Бунинг учун Эрон денгиз блокадаси ва нефть экспортига қўйилган чекловлар бекор қилинишини талаб қилган. АҚШ президенти Дональд Трамп эса 27 сентябрь куни бу шартларни рад этган.
Ҳурмуз бўғози жаҳон нефть савдоси учун муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда можаро сабабли бўғоз орқали кемаларнинг эркин ҳаракати тикланмаган.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик июнь ойида тузилган тинчлик келишувини тайёрлашга қаратилган меморандумдан кейин яна кучайган. Вашингтон Теҳронни Ҳурмуз бўғозида тижорий кемаларга ҳужум қилишда айблаганидан сўнг томонлар ўртасида ҳарбий тўқнашувлар қайта бошланган.
Bloomberg манбаларига кўра, Эронда сайловлардан кейин можаро янада кучайиши эҳтимоли юқори деб баҳоланмоқда. Бироқ бу Теҳроннинг расмий прогнози эмас, балки манбалар билдирган позиция ҳисобланади.