Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Энг яхши ёш китобхон” кўрик танловининг Мудофаа вазирлиги босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Танловдан кўзланган асосий мақсад қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилишдан иборат.
Танлов уч босқичда ташкил қилиниб, билимдонларнинг заковатини ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар қаршисида синовдан ўтказди. Биринчи ва иккинчи босқичда иштирокчилар “Ўзбек адабиёти билимдони” шарти бўйича куч синашишди. Бунда ўзбек адибларидан бирининг асарини чуқур таҳлил қилиш, ундаги ғоя ва мазмун-моҳиятни лўнда шарҳлаб бериш, асар қаҳрамонларига қисқача тавсиф бериш талаб этилди.
Учинчи босқич эркин мавзуда бўлиб, бунда иштирокчилар исталган бир шеърий парча ёки монологни ифодали айтиб, уни қисқача шарҳлаб бериши лозим эди.
Танлов 10 баллик системада баҳоланиб, тенг балл тўплаган иштирокчилар савол-жавоб асосида аниқланиши белгилаб қўйилди.
Қизғин курашларга бой бўлган ақл беллашувлари шуни кўрсатдики, ҳарбий хизматчиларимизнинг билим савияси, китобга бўлган қизиқиши, бадиий дид ва маҳорати йилдан йилга ошиб бормоқда.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган баллар йиғиндиси шубҳасиз энг яхши ва билимли китобхонни аниқлаб берди. Унга кўра, кичик сержант Нигорахон Алимуҳаммедова 89 балл тўплаб, биринчи ўринга эга чиқди. Иккинчи ўринга шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Рустам Ғофуров лойиқ топилди. Курсант Фаррух Жуманазаров кучли учликни якунлаб берди.
Шундай қилиб, Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Энг яхши ёш китобхон” танловининг якуний босқичи ҳам ўз ниҳоясига етди. Танловнинг энг қуйи босқичидан якунигача англанган нарса шу бўлдики, бир зум ҳам китоб ўқишдан, билим олишдан тўхтамаслик керак. Буни барча танлов иштирокчилари амалда исботлай олишди.