Қонун лойиҳалаштириш фаолияти бўйича Бош комиссия «Россия Федерациясидаги чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади, унга кўра меҳнат мигрантлари, агар уларнинг даромади яшаш минимумидан паст бўлса, патент ололмайди ёки патентни узайтиролмайди. Бу ҳақда комиссия йиғилиши материалларида айтилган.
«Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ўзини ва Россияда яшовчи ва қарамоғида бўлган оила аъзоларини яшаш минимумининг минтақавий коэффициентига кўпайтирилган миқдордан кам бўлмаган даражада таъминлаши шарт», дейилади комиссия материалларида. Бундай қоида патентни биринчи марта олаётганлар ва фақат жисмоний шахслар қўлида шахсий эҳтиёжи учун ишлаётганларга нисбатан қўлланилмайди.
Россияда яшаш минимуми - бу бир ой давомида инсон ҳаёти учун минимал зарур деб ҳисобланган пул миқдори. У федерал ва минтақавий бўлади ва ҳудудларга қараб фарқ қилади.
Мисол учун, 2026 йил федерал даражадаги яшаш минимуми миқдори:
- аҳоли жон бошига - ойига тахминан 18 939 рубл;
- меҳнатга лаёқатлилар учун ≈ 20 644 рубл;
- пенсионерлар учун ≈ 16 288 рубл;
- болалар учун ≈ 18 371 рубл.