Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби ҳужумчиси ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов юртимизга етиб келди. Тезкорлик билан йиғинга қўшилган тажрибали форвард бўлажак баҳслар ва таркибдаги ўзгаришлар борасида ўз фикрларини билдирди.
— Куни кеча миллий жамоа ихтиёрига етиб келдик. Бугун қолган легионерларимиз ҳам етиб келишди ва таркиб тўлиқ кўриниш олди. Олдинда бизни иккита жуда муҳим ўртоқлик учрашуви кутиб турибди. Йигитларнинг кайфияти аъло, ҳамма жанговар ҳолатда.
— Албатта, Файзуллаевнинг таркибда йўқлиги биз учун катта йўқотиш. Унда кичик жароҳат борлиги сабабли шундай қарорга келинди. Умид қиламанки, Аббос тез орада соғайиб, сафга қайтади.
Шомуродов сўнгги пайтларда клуб миқёсидаги голсиз серияси ҳақида берилган саволга ҳам босиқлик билан жавоб қайтарди: — Ҳар бир футболчи фаолиятида бундай дамлар бўлиб туради. Ҳар доим ҳам биз истагандек бўлавермайди. Мен учун шахсий кўрсаткичлардан кўра жамоавий натижа муҳимроқ.
— Бу Жаҳон чемпионати олдидан ўтказадиган сўнгги йиғинимиз, шу боис унинг аҳамияти жуда юқори. Ҳозир таркибимизда янги номлар бор ва бир қатор етакчилар жароҳат олган. Бу янги футболчилар учун ўзларини кўрсатишга зўр имконият. Оддий ўртоқлик ўйинидан кўра, мана шундай кичик турнир шаклидаги мусобақа мухлислар учун ҳам, биз учун ҳам қизиқарлироқ кечади.