Бугун 27 сентябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Дональд Трамп: "Иқлим ўзгариши ҳақидаги гаплар — энг катта фирибгарлик"

Дональд Трамп: "Иқлим ўзгариши ҳақидаги гаплар — энг катта фирибгарлик"

АҚШ Президенти Дональд Трамп сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги чиқиши чоғида иқлим ўзгаришини “дунёдаги энг катта фирибгарлик” деб атаб, глобал экологик ташаббуслар ва кўп томонлама институтларга нисбатан танқидий қарашларини яна бир бор очиқ баён этди.

Олимларнинг фикрича, иқлим ўзгариши ҳақиқатдан мавжуд бўлиб, асосан инсон фаолияти натижасида юзага келмоқда ва тобора оғирлашмоқда. Улар ҳароратнинг кўтарилиши, кучлироқ бўронлар ва музликларнинг эришини бунга яққол мисол сифатида келтиради. БМТ каби ташкилотлар эса иқлим муаммоларига чора кўришни кечиктириш сайёрамиз ва инсоният учун жиддий оқибатларга олиб келишини огоҳлантириб келмоқда.

Трамп ўзининг деярли бир соатлик нутқида иқлим ўзгаришига бир неча дақиқа бағишлаб, Европа Иттифоқини углерод изларини камайтиргани учун танқид қилди. У бу ҳолат Иттифоқ иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади ва қайта тикланувчи энергияга катта сармоя киритган давлатларни огоҳлантириб, бу уларнинг иқтисодий барқарорлигига хавф туғдиришини айтди.

"Бу, менинг фикримча, дунёга қилинган энг катта фирибгарликдир, — деди Трамп Бош Ассамблея минбаридан. — БМТ ва бошқа кўплаб ташкилотлар томонидан берилган башоратларнинг аксарияти нотўғри бўлиб чиқди — кўпинча ёмон ниятлар билан айтилган."

АҚШ Париж иқлим келишувидан иккинчи бор чиқди

Трамп президентлик лавозимини 2025 йил январда иккинчи марта эгаллагач, АҚШ 2015 йилда 195 та давлат томонидан глобал ҳароратнинг 1,5°C дан юқори кўтарилишини олдини олиш мақсадида имзоланган Париж келишувидан яна чиқиш тўғрисида расмий билдиришнома тақдим этди. Бу қарор АҚШни фақат Яман, Эрон ва Ливия қаторидаги оз сонли давлатлар сафида қолдирди.

Трамп маъмурияти “энергия устуворлиги” сиёсатини олиб бормоқда. Унга кўра, нефть, газ ва кўмир ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, қайта тикланувчи энергия эса эътибордан четда қолмоқда, гарчи у иқтисодий жиҳатдан рақобатбардош бўлиб бораётган бўлса ҳам.

"Бизда нефть энг кўп, газ энг кўп, агар кўмирни ҳам қўшсангиз — дунёдаги энг кўп заҳиралар бизда," — деди Трамп.

Унинг бу баёноти БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг иқлим бўйича саммити арафасида янгради. Ушбу саммитда давлатларнинг янги иқлим стратегиялари муҳокама қилинади.

Гутерриш эса жаҳон ҳамжамиятини тоза энергияга ўтиш йўлида бирлашишга чақирмоқда.

“Фақат пул оқимини кузатинг,” — деган эди Гутерриш июн ойида.
“Ўтган йили тоза энергияга $2 триллион сармоя йўналтирилди — бу эса фоссил ёқилғиларга қилинган инвестициядан $800 миллиардга кўп бўлиб, сўнгги ўн йилликда деярли 70% ўсишни кўрсатади.”

Киритилди: 14:54 24.09.2025. Ўқилди: 828 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!