Ҳаёт тарзимиз карантин туфайли бутунлай ўзгариб кетди, аммо фуқароларга манфаат келтириши зарур бўлган, инсон ҳуқуқларини таъминловчи тизимлар фаолияти тўхтатилгани йўқ. Пандемия туфайли мамлакатимизда вақтинчалик карантин қоидалари жорий этилган шу кунларда ҳам судлар томонидан жойларда одиллик ва инсонпарварлик нормаларини қўлланиниши янада кенг намоён бўлмоқда.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси С.Бадриддинов ва туман судининг судьяси И.Жаббаровлар томонидан 2020 йил 28 апрель куни Чуст туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳининг 7 нафар маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари қаноатлантирилиб, судлар томонидан маҳкумларга нисбатан халқимизга хос инсонпарварлик тамойиллари амалда таъминланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди раиси Саиджон Бадриддинов "ANIQ.UZ"га маълум қилди.
Маҳкумларни жазодан озод этишда уларни жазони ўташга виждонан ҳалол муносабатда бўлиб, жазони ўташ даврида ўзини ижобий томондан кўрсатгани, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги ва ЖКнинг 73-моддасига асосан жазони муддатининг 1/3 қисмидан кўпроғини ўтаганлигини инобатга олиб суд маҳкумларни асосий ва қўшимча жазоларининг қолган муддатидан шартли равишда озод қилди.