Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухорода эркак 15 нафар фуқарони чув туширди

Бухорода эркак 15 нафар фуқарони чув туширди

Қоракўллик Фаррух Ёқубов (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина йигирма олти ёшга тўлган. Оилали, икки на­­­­фар фарзанднинг отаси бўл­ган бу кимса одамларнинг чорва молларини сотиб бериш баҳонасида бир нечта фирибгарлик жиноятларини содир этган.

Хусусан, ўтган йилнинг 3 май куни у таниши Б. Тоғаевга тегишли 15 бош ғунажинни 85 миллион сўмга нархлаб, уларни на­сия­га олиб кетади. Бироқ берган ваъдасини бажариш ўрнига Б. Тоғаевга фириб беради.

Зайнаб Худойқулова ҳам фарзандлари билан беш бош қорамол боқаётган эди. Бундан хабар топган Ф. Ёқубов молларни 53 миллион сўмга сотиб олишини, бироқ пулини икки ойдан кейин беришини айтади.

Аммо З. Худойқулованинг ишончини суиистеъмол қилган фирибгар молларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Ф. Ёқубовга чув тушганлардан яна бири И. Муҳиддинов 15 бош ғунажинни 115 миллион сўмга нархлаб, фирибгарга насияга бериб юборган.

И. Муҳиддинов Ф. Ёқубовнинг уйига қатнай-қатнай 4 миллион­ 500 минг сўм олишга муваффақ бўлади, холос.

Афсуски, Ф. Ёқубовнинг фирибгарлик жинояти фақат шулардан иборат эмас. У фирибгарлик йўли билан ўн беш нафар фуқарони «чув» туширган.

Суд унга тегишли жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Ф. Ёқубовнинг жиноят содир этганликдаги айбини унинг иқрорлиги, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ис­ботланган деб топди.

Суд жабрланувчи Б. Аҳмедов, Н. Рўзиқулов, Ғ. Раҳимов, Х. Юнусов, О. Тонгжариқов, Ж. Нўъмонов, И. Хонкелдиевга жиноят оқибатида етказилган моддий зарар судланувчи томонидан қопланганини инобатга олди. Суд ҳукмида М. Ёқубовдан Т. Келдиёров фойдасига 18 миллион 500 минг, Ш. Насриддинов фойдасига 9 миллион, С. Бердибеков фойдасига 77 миллион, Б. Тоғаев фойдасига 85 миллион, З. Худойқулова фойдасига 53 миллион, И. Муҳиддинов фойдасига 110 миллион 500 минг, Ж. Турдиқулов фойдасига 26 миллион 300 минг, Ҳ. Қосимова фойдасига 10 миллион сўм ундирилиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари жабрланувчиларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қи­лиш ҳуқуқига эгалиги ҳам тушунтирилди.

Суд Ф. Ёқубов содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмишнинг сабаби, етказилган зарарнинг хусусия­ти ва миқдори, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда суд Ф. Ёқубовга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Жалол САДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қоракўл тумани суди раиси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

Киритилди: 00:14 26.08.2021. Ўқилди: 2317 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!