Кеча, 22 октябрь куни Ўзбекистонда иккита мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
ЙТҲларнинг биринчиси, Бухоро вилояти Жондор туманида юз берган. Ҳалокат тахминан соат 12:00 да туманнинг Газли ҳудудидн ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 333 км.да содир бўлган. Lacetti русумли автомобиль бошқарувни эплай олмай Isuzu русумли юк машинасининг орқа қисмига келиб урилган.
Тўқнашув натижасида Lacetti автомобилида ёнғин чиқиб, машина ичидаги 4 нафар фуқаро вафот этган. Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳалокатли ЙТҲнинг иккинчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳудудида содир бўлган. Маълумотларга кўра, ҳодиса тумандан ўтувчи А-380 “Бухоро-Нукус-Беруний” йўлининг 680 км.да юз берган.
Nexis русумли автомобиль бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши тарафдан келаётган Cobalt русумли автомобиль билан тўқнашув содир этган.
ЙТҲ натижасида 5 нафар фуқаро вафот этган ва 5 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Жароҳатланган фуқаролар Беруний тумани шифохонасига ётқизилган.
Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари бошланган.