Бугун Парижда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Том Барак шафелигида Исроил ва Сурия делегациялари ўртасида музокараларнинг янги раунди ўтказилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Asharq Al-Awsat нашри хабар берди.
Газетанинг ёзишича, томонлар 1974 йилда Исроил ва Сурия қўшинларини Голан тепаликларида қўзғалмаслик ҳақидаги келишув ўрнини босувчи хавфсизлик чоралари бўйича келишувга эришиш мақсадида икки ой аввал тўхтатилган мулоқотни қайтадан бошлашади. Янги ҳужжат ўтган декабрь ойида ишғол қилинган Дамашқ жанубидаги ҳудудлардан Исроил қўшинларини олиб чиқиш эвазига Сурия жанубини демилитаризация қилишни назарда тутади.
Париждаги учрашувларда делегацияларга Сурия ташқи ишлар вазири Асаад ал-Шайбоний ва Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэль Лейтер бошчилик қилади. Аввалроқ, Исроилнинг бош музокарачиси собиқ стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер эди, у ноябрь ойи бошида беш раунд учрашувлар ўтказгандан сўнг истеъфога чиқди.
Нашр таъкидлаганидек, Трамп маъмурияти Исроил ва Сурияни тажовуз қилмаслик тўғрисидаги пактни тузишга ундамоқда, бу эса узоқ муддатли душманликдан сўнг икки томонлама муносабатларни нормаллаштиришга замин яратади. Вашингтон Араб Республикасини 2020-2021 йилларда АҚШ воситачилигида бир гуруҳ араб давлатлари ва Исроил ўртасида тузилган Иброҳим келишувларига қўшилишини таъкидламоқда.
Сурия-Исроил музокаралари 2025 йил июль ойида бошланган, бироқ Дермернинг истеъфоси ва жанубий Друзия вилоятидаги Ас-Сувайда воқеалари туфайли кейинчалик тўхтатилган эди. Дамашқ яҳудий давлатини ҳукумат кучларига қарши турган радикал друзлар шайх Ҳикмат ал-Ҳажарий бошчилигидаги айирмачи кучларга аралашиш ва қўллаб-қувватлашда айблади.