Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бу аёл шундай муомалага лойиқ!

Бу аёл шундай муомалага лойиқ!

Икки ярим ёшли гўдакда оғир жарроҳлик  амалиётини ўтказдим. Чоршанба эди. Жума куни соат 11:15 да боланинг юраги тўхтаб қолганини айтишди. Тезда юракни уқалашга киришдим. Аллоҳ изни билан уриб кетди.

Беморнинг ҳолати ёмон бўлганда яқинларига хабар бериш қанчалик қийинлигини билсангиз эди! Онасига аҳволни тушунтирдим. Бақирмади, йиғламади, “Сен айбдорсан! Боламга яхши қарамадинг!” деб таъна ҳам қилмади. “Аллоҳ қодир. У Зотга ҳамд бўлсин”, деди, холос. Ўн икки кундан кейин боланинг юраги яна тўхтаб қолди. Тахминимни рўй-рост айтишга мажбур бўлдим:

– Менимча, бу сафар умид йўқ.

– Агар тузалишида яхшилик бўлса, унга шифо бер, ё Раббим, – деб дуо қилди аёл.

Унинг дуоси туфайли гўдакнинг юраги  яна уриб кетди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди.

Уч ярим ой ўтди. Бемор бошида ғайритабиий йирингли яра пайдо бўлди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим. Иложсиз, онасига айтдим:

– Болангизнинг юраги бир неча бор тўхтаб, яна уриб кетди. Аммо бу яра борасида бир нарса деёлмайман.

У бу гал ҳам:

– Аллоҳ қодирдир, У Зотга ҳамд бўлсин, – деди.

Уч ҳафтадан кейин яра тузалди, лекин бола ҳаракатланмас эди. Икки ҳафтадан кейин қони заҳарланди, иситмаси 41-42 даражага чиқди. Онаси аҳвол ўта оғирлигини эшитиб, яна сабр ва ишонч билан: “Ё Аллоҳ! Тузалишида яхшилик бўлса, унга шифо бер”, деб дуога қўл очди.

Тўртинчи ойнинг охирги ҳафтасига ўтиб, бола заҳарланишдан қутулди. Бироқ бешинчи ойда кўкрак суяклари ва атрофидаги тўқималари шамоллади. Мен кўкракни очиб қўйишга мажбур бўлдим. Жароҳат боғламини янгилаганимизда юраги кўриниб турарди. Онаизор дуодан тўхтамас, ўзини йўқотиб қўймаган, ишончи мустаҳкам эди.

Юраги шундоқ кўз ўнгимизда турадиган болакай икки ярим ой ўтиб, бутунлай соғайиб кетди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг солиҳа аёлга мукофоти бўлса, не ажаб!

Бир ярим йилдан кейин мени йўқлашаётганини айтишди. Чиқсам, ҳалиги болакай ва ота-онаси. Кичкинтой ҳеч нарса кўрмагандай чопқиллаб юрибди. Аёлнинг қўлида эса чақалоқ. Отага ҳазиллашиб:

– Янги меҳмон ўн учинчи фарзандингизми, ўн тўртинчисими? – дедим.

У табассум қилди:

– Иккинчиси, сиз даволаган биринчи боламиз эди, ўн етти йилда кўрганмиз. Мен унинг дардини кўтаролмасдим, шу сабабли ҳам ичкарига кирмасдим. Юрак-бағрим эзилиб кетарди.

Уни хонамга таклиф қилдим ва ҳаяжонимни изҳор этдим:

– Аёлингизнинг матонатига фақат қойил қолиш мумкин. Ўн етти йилда кўрган фарзандига келган мусибатларга бардош берди-я!

– Турмуш қурганимизга йигирма икки йил бўлди, – деди суҳбатдошим. – Шу пайтгача таҳажжуд намозларини фақатгина шаръий узр билан тарк этган, холос. Ғийбат ё чақимчилик қилгани, ёлғон гапирганини эшитмаганман. Уйга келганимда очиқ юз билан кутиб олади, ҳар бир ишга эътибор,  меҳр беради. Аёлимнинг хулқи, менга ва фарзандларга муҳаббати учун Аллоҳга ҳамд айтаман. Ҳаё ва хижолатдан ҳатто кўзига тик қарамайман.

Мен суҳбатдошимни қувватладим:

– Аёлингиз фақат шундай муомалага лойиқ.

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиси

Дадахон МУЗАФФАР ўғли тайёрлади.

Manba: hidoyat.uz

Киритилди: 08:15 13.10.2019. Ўқилди: 5441 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!