Дастлаб Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми Япония ва Францияда ҳам қайд этилди. Ушбу мамлакат ҳукуматлари илк касалланиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилган, деб хабар беради «РБК».
Le Parisien газетасининг Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига таяниб ёзишича, коронавируснинг «британча штамми» билан биринчи касалланиш ҳолати Тур шаҳрида қайд этилган. Вирусни юқтириб олган фуқаро франциялик бўлиб, у 19 декабрь куни Лондондан мамлакатга қайтиб келган. Беморда касаллик белгилари йўқ бўлиб, ҳозирда у карантинга жойлаштирилган.
Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги эса янги турдаги коронавирус билан касалланиш бўйича бешта ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Уларнинг барчаси Буюк Британиядан келган бўлиб, ҳозирда барчаси изоляцияга олинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси бюроси директори Ханс Клюгенинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги штамми Европанинг саккизта мамлакатида аниқланган.
«Европадаги саккизта мамлакатда COVID-19 қўзғатувчисининг янги варианти — VOC-202012/01 қайд этилди», — деб ёзади Клюге. Унинг таъкидлашича, вируснинг янги варианти олдингисидан фарқли ўлароқ, аҳолининг ёш қатлами орасида тарқалмоқда.
ЖССТ вакили дунё мамлакатларини вирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чораларни кучайтиришга, жумладан, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланишни назорат қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.