АҚШ, Россия ва Украина ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар самарали бўлди ва уларда муайян илгарилашга эришилди. Портал бу ҳақда номлари ошкор этилмаган америкалик мансабдорларга таяниб хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Кушнер, Уиткофф ва Америка делегациясининг бошқа аъзолари Россия–Украина ишчи гуруҳи йиғилишлари ўтаётган хоналар ўртасида қатнаб юрган.
"Барча масалалар муҳокама қилинди. Ҳеч қайси томон бирор жиҳатни муҳокамадан четлаб ўтмади. Бирорта савол эътиборсиз қолмади ва бизга ҳеч кимни мажбурлашга тўғри келмади. Ҳамма бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлди, чунки делегациялар тинчликка эришиш учун ечим излашди", — дея америкалик мансабдорлардан иқтибос келтиради нашр Аxios.
Америкалик расмийлар икки кунлик музокаралар давомида барча масалалар, хусусан Россиянинг Донбасс бўйича ҳудудий даъволари, Запорижжя атом электр станцияси атрофидаги баҳс ҳамда уруш якунлангани ва қайта бошланмаслигини кўрсатиш мақсадида ҳар икки томондан кескинликни пасайтириш учун зарур қадамларнинг ташланиши муҳокама қилинганини маълум қилди.
Музокараларнинг иккинчи куни якунида уч делегация вакиллари қўшма тушликда қатнашган.
"Абу-Дабидаги учрашув музокараларнинг навбатдаги босқичига олиб борадиган муҳим қадам бўлди. Биз Путин ва Зеленскийнинг учрашувига жуда яқинмиз", — деди Ахios манбаси.
Унинг айтишича, агар Абу-Дабида бўлиб ўтадиган навбатдаги уч томонлама учрашувда янада катта илгарилашга эришилса, Москва ёки Киевда икки давлат расмийларининг учрашуви бўлиб ўтиши мумкин.