Бюронинг Бектемир туман бўлими иш юритувида қарздор “F.G.” МЧЖдан жами 18 млрд 66 млн сўм қарздорликни ундириш билан боғлиқ 125 та ижро иши мавжуд бўлиб, шундан 74 та ижро ҳужжати бўйича 7 млрд 855 млн сўм давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Мазкур ижро ишлари Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси талабларига мувофиқ қўзғатилган.
Қарздорга ижро ҳужжатлари талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун қонунда белгиланган муддатлар берилган, бу ҳақда тегишли тартибда огоҳлантирилган.
Бироқ, қарздор корхона огоҳлантирилганига қарамасдан, белгиланган муддатларда қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этмаган.
Шундан сўнг, қарздор томонидан ижро ҳужжатлари талаблари бажарилмагани сабабли унга нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилди.
Хусусан, қарздор МЧЖга тегишли бўлган "Howo" русумли юк автомашинаси (автобетоносмеситель) ҳамда икки қаватли маъмурий бино хатланиб, ундирувни таъминлаш мақсадида электрон аукцион савдоларига чиқарилди.
Айни пайтда ушбу мулклар савдоларда сотилган бўлиб, сотувдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари талабларига мувофиқ ундирувчилар ўртасида тақсимланмоқда.
Мажбурий ижро бюроси суд қарорлари ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва қонуний ижросини таъминлаш борасида ишларини изчил давом эттирмоқда.