Ҳар қандай қаттиққўлликнинг ҳам чегараси бўлади. Баъзида тартиб-интизомни ҳам чегаралаб туриш лозим.
Нега бундай деяётганимни тушунгандирсиз. Ҳа, гап ўша “Лопетеги можароси” ҳақида кетмоқда. Испания футбол федерацияси “Реал” бош мураббийлигига рози бўлган Лопетегидан жаҳон чемпионати бошланишидан саноқли кунлар олдин истеъфога чиқарганида фақат тартиб-интизомни, эҳтимол, федерациянинг ор-номусини ўйлагандир. Аммо энди бу қарор мамлакатнинг шаънини тупроққа қорган қарорга айланди.
Лопетегининг алоқаси йўқдир, дерсиз. Аммо майдонда Испания терма жамоасининг ўйинида тактика кўрдингизми? Йўқ. Бу ўша “Барселона”ни қон йиғлатган ўзаро паслар усули эди. Эскирган “тики-така” эди. Ахир бу Лопетеги ҳам танлаган тактика эди-ку дерсиз балки. Аммо Лопетеги вазиятдан келиб чиқиб тактикани ўзгартириши мумкин эди. “Тики-така”ни ўзгартириш ёки ундан воз кечиш учун Йерронинг салоҳияти етмади. Айб унда эмас, айб эндигина ҳайдовчилик гувоҳномасини олган, аммо ҳали бирорта ҳам машина ҳайдамаган тажрибасиз ҳайдовчини машиналар пойгасига киритган раҳбариятда.
Испания мураббийлар штабининг асосий хатоси — Россиянинг кучига етарли баҳо бермаганлиги. Эсингиздами, испанлар гол ургандан кейин узоқ вақт давомида шунчаки тўпни бир-бирига узатиб юрди, ҳужум қилиш имкони туғилганида ҳам олдинга бормади, русларни ёш болаларча мағлуб этмоқчи бўлди. Россия олдинга ташлана олмайди, тузук ҳужум қила олмайди, деб ўйлади. Ана ўша дақиқаларнинг, уюштирилмаган ҳужумларнинг уволи тутди Испанияни. Фернандо Йерро эса ҳали мурабийликка тайёр эмаслигини исботлаб берди.
Қолаверса, Диего Костанинг алмаштирилиши ҳам хато ўзгариш бўлди назаримизда. Аксинча, унинг ўрнига Аспасни бирорта ярим ҳимоячининг ўрнига тушириш лозим эди. Қолаверса, рақиблар ҳужумчисиз ютуқларга эришган Испаниянинг ўйинини ўзлаштириб бўлишганди. Шу боис мазкур ўйинда ва умуман мазкур турнирда испанлар ҳеч бўлмаганда иккита ҳужумчи билан ўйнаши керакмиди…
Россияни ҳурмат қилган ҳолда айтамизки, бу шармандали мағлубият. Чунки испанларнинг таркиби юлдузли, Португалия ёки Аргентинага ўхшаб таркибда жиддий муаммоларга эга эмас. Аммо кўп нарсани бош мураббий ҳал қилиши яна бир бор исботини топди.
Россия ўз уйида ўйнаяпти. Агар мезбонлар ана шундай ақлли ўйнашда давом этса, ярим финалгаям чиқиши мумкин. Россияга омад тилаб қоламиз.