Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Европа Иттифоқи раҳбарлари иштирокида 24 октябрь куни Ар-Риёдда ўтказилиши режалаштирилган саммит қолдирилди. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, кенгаш учрашувни бошқа санага кўчиришга қарор қилган. Расмий изоҳда делегациялар саломатлигини муҳофаза қилиш зарурати қайд этилган. Саммитнинг янги санаси ҳақида маълумот берилмаган.
«Тасним» бу қарорни Саудия Арабистони пойтахтидаги хавфсизлик вазияти билан боғлаган. Бироқ саммит айнан хавфсизлик таҳдидлари туфайли қолдирилганини тасдиқловчи мустақил маълумот келтирилмаган.
Аввалроқ Яманнинг расмий ахборот агентлиги ҳарбий манбага таяниб, Саудия Арабистонига инвестиция киритиш хавфсизлиги борасида огоҳлантириш берган эди.
Араб давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги саммитлар сиёсий мулоқот, минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон ҳисобланади.